Иймон уйи ўз эшикларини очди

Амударё тумани Чойкўл қишлоғида «Нўғай Эшон бобо» жоме масжидининг янги биноси қурилиши тўлиқ якунланиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Ушбу муқаддас масканнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон Мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов, Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда қадимдан давом этиб келаётган ҳашар анъанаси, аҳоли ҳамжиҳатлиги ва саховатининг жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб, ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшган қурувчилар, ҳомийлар ва маҳалла фаолларининг фидокорона меҳнатини юксак эътироф этди.
Шунингдек, янги масжид биносининг қурилишида жонбозлик ва ташаббус кўрсатган бир гуруҳ фуқаролар ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ушбу бунёдкорлик ишлари Чойкўл овули аҳолисининг бирлиги, эътиқоди ва келажакка бўлган ишончининг яққол намунасига айланди. Янги масжид биноси эса юртдошларимиз учун нафақат ибодат маскани, балки маънавият ва ҳамжиҳатлик маркази бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбир якунида муқаддас Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда амалга оширилаётган барча эзгу ишларнинг бардавом бўлишини тилаб дуога қўл очилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги