«Миллат руҳининг янги парвози» ёки «Қорақалпоқ поэзияси антологияси» ҳақида ўйлар

Адабиёт шунчаки сўзлар мажмуи ёки бадиий асар эмас, балки миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган маънавий хазинадир. Ҳар бир давр адабиёти ўша давр одамларининг ички дунёсини, жамият ҳаётидаги ўзгаришларни ва инсоний муносабатларни муҳрлаб қолдиради. Адабиёт кўзгусига қараган инсон нафақат ўз қиёфасини, балки бутун бир миллатнинг тақдирини, борлиғини кўра олади.
Адабиёт – бу фикр ва туйғу бўлса, китоб – ўша фикрларнинг абадиятга муҳрланган маконидир. Қоғозга тушган ҳар бир сўз вақт синовига бардош беради, улар орқали биз юз йил олдин яшаган ота-боболаримизнинг юрак тўлқинларини ҳис этамиз. Адабиётнинг китобларда акс этиши нафақат матн тўплами, балки миллатнинг интеллектуал салоҳияти кўрсаткичи ҳисобланади.
Мана шунга мувофиқ, яқинда қорақалпоқ халқи ва адабиёти учун қувончли ва фахрли воқеа юз берди. Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган «Ладомир» илмий-нашриёт марказида Қорақалпоқ шеърияти антологияси («Антология каракалпакской поэзии») рус тилида икки жилд бўлиб (I жилд 2024 йил, II жилд 2025 йил) нашр этилди. Антологиянинг нашр этилишида Ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси молиявий ҳомийлик қилди. Тўпламни нашрга тайёрлашда россиялик машҳур шоир ва таржимон, адабиёт тарихчиси Михаил Синельников, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари иштирок этди.

Қорақалпоқ шеъриятининг антологияси икки жилддан иборат бўлиб, рус тилида нашр этилиши адабиётимиз тарихида биринчи марта амалга оширилмоқда. (Тўғри, шу кунгача рус тилида Москва шаҳрида қорақалпоқ шеъриятининг намуналари тўплам кўринишида (1973, 1980) нашрдан чиқди, лекин кенг кўламли икки жилдлик антологиянинг нашр этилиши дастлабки тарихий воқеа бўлди – А.Т.) Антологиянинг биринчи жилдида қорақалпоқ халқ достони «Қырық қыз», «Қоблан», «Шәрьяр» ва халқ қўшиқлари, шу жумладан болалар қўшиқлари жамланган. Ушбу халқ оғзаки асарларини рус тилига таржима қилишда таржимонлар А.Тарковский, С.Северцев, Н.Гребнев, С.Сомова ва С.Ибрагимовларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кеңесбай Каримов тўпламга «Истоки каракалпакской поэзии» сарлавҳаси остида сўзбоши ёзиб, сўнгра тузувчилардан адабиёт тарихчиси Михаил Синельниковнинг фикрлари ўрин олган.
Антологиянинг иккинчи жилди XVIII асрдан бошлаб, бугунги кунгача қорақалпоқ шоирларининг асарларини жамлаган. Бунда муаллифларнинг қисқача таржимаи ҳоли ва асарларидан намуналар келтирилган. Китоб сўнгида антологиянинг тузилишида ва ундаги асарларнинг тўпланиб, рус тилига таржима қилинишида катта ҳисса қўшган шоир, ёзувчи, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Сағинбай Ибрагимовнинг «Поэзия надежды и веры» номли якунловчи сўзи тақдим этилган. Бу тўпламни нашрга тайёрлаган Михаил Синельников «шеърларни танлашда ва баҳолашда Сағинбай Ибрагимов бебаҳо ёрдам берди» – деб ёзади.
Инсоният яратган кашфиётлар ичида адабиёт энг улуғи, чунки у моддий дунёни эмас, балки инсон руҳиятини ўрганади. Халқнинг кимлигини, унинг маданияти ва тафаккур даражасини билишни истаган одам аввало ўша халқнинг адабиётига назар ташлайди.
«Қорақалпоқ поэзияси антологияси»нинг ҳар бир жилди 1000 нусхада нашр этилган бўлиб, қорақалпоқ халқининг бой поэтик меросини бутун дунёга тараннум этди, десак муболаға бўлмайди, шу орқали жаҳон ҳамжамияти қорақалпоқ халқининг борлигини, унинг кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмай, неча минг йиллик тарихга эга эканлигини бадиий оғзаки ижоди, шунингдек, бугунги кунда ривожланаётган шеърияти орқали янгидан таниди.
Бебаҳо хазинамизнинг нашрдан чиқиши билан бутун халқимизни табриклаймиз ва антологиянинг чоп этилишида яқиндан ёрдам берган, адабиётимизнинг ҳар томонлама ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётган фидойиларимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Алтинай Тилегенова
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги