Тошкентлик шифокорларнинг тиббий кўрик ва операциялари давом этади

Жорий йилнинг 3-7 февраль саналари оралиғида Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказидан келган тажрибали шифокорлар Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида барча ёшдаги беморларни қабул қилиб, бепул тиббий кўрик ва маслаҳатлар бермоқда.
Фуқароларнинг саломатлигини тиклаш, уларга узоқ йўл босиб пойтахтга қатновининг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган тадбир доирасида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолларда операциялар ҳам амалга оширилмоқда.
Саломатлик акцияси доирасида Кардиохирургия, Неврология, ЛОР, Болалар хирургияси, Нейрохирургия, Болалар урологияси, Болалар онкогематологияси, Пластик хирург йўналишлари бўйича беморлар қабул қилинмоқда. Душанба кунидан буён шифокорлар 12, йил бошидан буён 50 га яқин мураккаб операцияларни амалга оширди.
– Ўтган йили октябрь ойида ўтказилган «Саломатлик марафони»нинг давоми десак ҳам бўлади. Сабаби, акция доирасида келган беморлар билан бирга, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида Қорақалпоғистондан навбатда турган беморларни ҳам шу ерга чақириб, зарур тиббий хизматларни кўрсатяпмиз. Текширувдан ўтказилган ва танлаб олиниб, клиникага ётқизилган беморлар учун сарфланадиган харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади, – дейди клиника бош шифокори Феруз Ҳамидов. – Кеча акция доирасида кардиохирургия йўналиши бўйича беморларни саралаб олдик. 200 дан ортиқ допплер текшируви натижасида 50 га яқин юрак туғма нуқсонлари билан касалланган беморларни аниқладик. Уларда режали тарзда операциялар амалга ошириб борилади.
– Шу ерда хизмат қилаётган шифокорларга минг раҳмат, – дейди Замира Аллабергенова. – Туғилганидан бери фарзандим грижа билан қийналарди. Бугун қизимга операция қилинди, ҳозир аҳволи яхши. Клиникада барча шароитлар яратилган. Зарур асбоб-ускуналардан бепул текширувдан ўтказди.
Барча текширув ва маслаҳатлар бепул амалга оширилмоқда. Тошкентлик шифокорларнинг тиббий кўрик ва операциялари яна давом этади. Бироқ, ҳудудий оилавий поликлиникалардан йўлланма билан юборилган 18 ёшгача бўлган болаларгина текширувдан ўтказилади.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.