Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш – давр талаби

23

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев Қўнғирот туманида сайёр қабул ўтказди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Б.Юсупов, туман ҳокими Б.Мадаминов, сув хўжалиги мутасаддилари, мелиорация, насос станциялари бошқармалари раҳбарлари, фермерлар ва бошқа сувдан фойдаланувчилар иштирок этди.

Ш.Ҳамраев дастлаб мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, жорий йилнинг 3 февраль куни Президентимиз ҳузурида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича ўтказилган тақдимотда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш бўйича ишлаб чиқилган янги таклифлар кўриб чиқилгани ва белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Жумладан, сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва қуриш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаб бериш йўлга қўйилиши, ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит маблағлари ҳар йили ноябрь ойидан бошлаб ажратилиши каби масалалар қайд этилди.

Шундан сўнг тадбир очиқ мулоқот тарзида давом эттирилиб, сув истеъмолчиларининг мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабул давомида ҳудуддаги «Бабажанов Оралбай», «Қашақ», «Досмурат баба», «Торт қара сексен», «Каримберген Алағайим», «Нуратдин Нурсайт» ҳамда бошқа фермер хўжаликлари раҳбарлари сув хўжалиги масалалари бўйича ўзларининг мурожаатлари билан чиқишди. Жами ўндан ортиқ мурожаат қилинган бўлса, барчасига вазир томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди ва уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларни жойига чиққан ҳолда кўриб чиқиш бўйича Қўнғирот тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси, «Суенли» ирригация тизими бошқармаси раҳбарларига топшириқлар берилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Б.Юсуповга бугунги сайёр қабулда қабул қилинган мурожаатларни алоҳида назоратга олиш ва ижобий ҳал этиш бўйича вазифа юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг бошқа туманларда ҳам сув истеъмолчилари билан мулоқот ўтказиши, амалга оширилаётган ишлар билан танишиши давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги