Чуқур қудуқларда иш олиб бориш учун янги технологиялар татбиқ этилади
Нефть-газ тармоғини технологик жиҳатдан модернизация қилиш, чуқур қудуқларда иш олиб бориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан халқаро тажриба ва инновацион ечимларга эга компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари изчил ривожлантирилмоқда.
Шу кунларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида хитойлик ҳамкорлар билан қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов қўйидагича хабар берди:
–Айни кунларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошличилигидаги делегация Хитойда хизмат сафарида бўлиб турибди. Ташриф доирасида томонлар ўртасида ҳар жиҳатдан амалий аҳамият касб этадиган учрашувлар ташкил этилди. Уларда жамият тизимида геология-қидирув, бурғилаш ҳамда геофизика ишларини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган лойиҳалар муҳокама марказида бўлди.
Жумладан, халқаро бозорда катта тажрибага эга “CNLC” компанияси билан бўлиб ўтган мулоқотда юқори ҳарорат ва босим шароитида фаолият юритувчи қудуқларда геофизик тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, перфорация хизматларини амалга ошириш масалалари батафсил кўриб чиқилди. Томонлар 230°C гача бўлган ҳарорат ва 1400 атмосферагача бўлган босимда ишлай оладиган технологияларни жорий этиш имкониятларини таҳлил этди.
Шу билан бирга, 7000 метргача чуқурликдаги қудуқларда тадқиқотлар олиб бориш, юқори ҳарорат ва босимга мослашган замонавий геофизик ускуналар мажмуаларини етказиб бериш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Музокаралар доирасида ишчи-ходимлар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, вахта усулида ишловчи ходимларни ташишда фойдаланиш учун Хитойнинг Шандонг вилоятида жойлашган “Zhongtong Bus”, Чженчжоу шаҳридаги “YUTONG Bus” ҳамда Пекиндаги “FOTON” корхоналарида ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг техник имкониятлари ўрганилди. “FOTON” компанияси билан транспорт воситаларини етказиб бериш бўйича алоҳида музокаралар ўтказилди.
Шу билан бирга, “CNPC” таркибига кирувчи Хитой нефть муҳандислиги ва қурилиш корпорацияси билан учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишда замонавий муҳандислик ечимларига асосланган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш ҳамда Тошкент шаҳрида илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш масалалари бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Замонавий бурғилаш ускуналарини харид қилиш йўналишида эса “SJ Petroleum Machinery” компанияси билан алоҳида учрашув ташкил этилди ва техник ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида бошқарув раиси Абдуғани Сангинов амалга оширилаётган лойиҳалар жамият фаолияти учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, барча ишлар илғор технологиялар, юқори сифат стандартлари ва белгиланган муддатлар асосида бажарилиши лозимлигини қайд этди.
Олиб борилган музокаралар нефть-газ соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, чуқур қудуқларда иш олиб бориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Халқаро тажриба ва илғор муҳандислик ечимларига асосланган ушбу ҳамкорликлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг истиқболли лойиҳаларини изчил амалга ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш ҳамда тармоқда барқарор ва хавфсиз иш муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса миллий нефть-газ саноатининг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА