Машаққатли ва шарафли меҳнат эътирофи

26

Божхона хизмати давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг ажралмас қисми, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, миллий манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим ҳамда самарали механизми ҳисобланади. Айниқса, бугун жадал суръатлар билан ривожланаётган ташқи иқтисодий алоқалар шароитида божхона органларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам соҳа ходимларининг машаққатли, айни пайтда шарафли хизмати ҳамиша қадрланади.

Пойтахтимизда 26 январь — Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали байрам тадбирида ушбу соҳа фаоллари ҳамда фахрийларининг меҳнатлари яна бир бор эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, сенаторлар, депутатлар, соҳа фаоллари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари қатнашган ушбу тадбирда дастлаб давлатимиз мадҳияси жаранг сочди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табригини Ўзбекистoн Республикаси Президенти Администрацияси Кoммуникациялар департаменти раҳбари — Ўзбекистoн Республикаси Президентининг матбуoт кoтиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Табрикда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида божхона органлари мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва чегараларимиз дахлсизлигини асрашда давлатнинг ишончли таянчи бўлиб келмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистон шароитида божхона органлари замонавий, очиқ ва самарали тизимга айланиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Соҳадаги туб ислоҳотлар туфайли кейинги йилларда божхона расмийлаштируви вақти қисқартирилди, декларацияларнинг 20 фоизи инсон омилисиз амалга оширилмоқда. Ўтган йилда 76,2 триллион сўм божхона тўловлари ундирилиб, ушбу кўрсаткич 21 фоизга ошди ва унинг давлат бюджети даромадларидаги улуши 25 фоизга етди. Соҳа ходимлари томонидан товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, хавфларни олдиндан таҳлил қилиш, товарларни расмий импортга жалб этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Йирик миқдордаги гиёҳвандлик, психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилишида ҳам уларнинг ҳиссаси катта.

— Давлатимиз раҳбарининг божхона соҳаси ходимларига йўллаган табригини диққат билан эшитдик, — дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов. — Унда божхона тизимининг ҳаётимиздаги ўрнига юксак баҳо берилиши билан бирга, келгусида ушбу соҳани янада ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фидокорона хизмат қилаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни тизимли давом эттириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Буларнинг барчаси бизга фахр ва ифтихор бағишлаши билан бирга, фаолиятимиздаги масъулият ҳамда жавобгарликни янада оширишга туртки берди. Олдимизга қўйилган устувор вазифаларни самарали бажариш учун бундан кейин ҳам бор билим ҳамда салоҳиятимизни, тажрибамизни, имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, Янги Ўзбекистон шароитида божхона тизимини ислоҳ қилиш, уни замонавий талаблар ва илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириб бориш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида божхона органлари фаолияти тубдан модернизация қилинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада халқаро стандартларга мослаштирилган тартиботлар жорий этилгани, электрон декларациялаш ҳамда хавфларни бошқариш тизимлари ва бошқа қатор янги замонавий дастур ҳамда технологияларнинг амалиётга татбиқ этилгани айни муддао бўлмоқда. Булар божхона назорати ва расмийлаштирувида инсон омилини камайтиришга, шаффофликни ошириш, асосийси, тадбиркорларга ташқи савдо фаолияти билан эркин шуғулланиш имкониятини яратишга хизмат қилаётир.

Қўмита тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган тўрт йилнинг ўзида республикамизнинг товарлар ташқи савдо айланмаси 68 фоизга ошиб, 2025 йил якуни бўйича 55 млрд. 412 млн. долларни ташкил этган. Соҳадаги ислоҳотлар туфайли йирик чегара ўтказиш пунктларида юк автотранспортларининг кунлик ўртача ўтказувчанлиги 1,5 мингтадан 3,3 мингтага етди. Экспортни соддалаштириш мақсадида “Экспорт уч қадамда” дастури ишга туширилиб, 9 босқичли тартиботни 3 баробарга қисқартиришга, асосийси, ўтган йили 30 мингга яқин ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ортиқча сарф-харажати ҳамда вақти тежалишига эришилди.

Шу ўринда, қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган божхона объектлари ҳам кам эмас. Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” комплекси ва Миллий кинология марказининг маъмурий бинолари тўлиқ реконструкция қилинди. Ўнта чегара пости тўлиқ таъмирланди. Қувонарлиси, Хоразм ҳамда Фарғона вилоятлари ходимлари учун 85 хонадонли иккита хизмат уйи фойдаланишга топширилди.

Ҳозирда Қозоғистон билан чегарадаги энг йирик постлардан бири — “Ғишткўприк” пости ҳам замон талаблари асосида тубдан қайта қурилиб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди. Буткул янги қиёфада қурилган бу пост эндиликда кунига 1,5 мингдан ортиқ автотранспорт ҳамда 50 мингдан зиёд йўловчиларни бемалол ўтказа олади.

Рақамлаштириш борасидаги янгиланишлар натижасида олтмишга яқин божхона постлари фаолияти оптималлаштирилиб, уларда нормал иш режими жорий этилди. Рақамлаштириш соҳасида эришилаётган ютуқлар самараси ўлароқ рақамли трансформация рейтингида Божхона қўмитаси давлат идоралари орасида уч йилдан буён 1-ўринни эгаллаб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижроси доирасида божхона органлари халқнинг дарди билан яшовчи, унга беминнат хизмат қилувчи, маҳаллий корхоналар, тадбиркорлар билан яқиндан ишлаб, уларга барча амалий ёрдамларни кўрсатувчи тизим сифатида ҳам шаклланди. Бу борада тизим органлари иштирокида ўтган тўрт йилда ўттиздан ортиқ объектларда қурилиш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди. Бир нечта умумтаълим мактаблари, спорт мажмуалари, “Саховат” ва Мурувват уйлари, болалар боғчалари фойдаланишга топширилди.

Аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ва ҳудудларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларида Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 2 мингга яқин маҳаллаларда аниқланган муаммоларни бартараф қилишда божхона ходимлари фаол иштирок этди.

Тантанали тадбирда соҳа фидойилари иштирокида Ватанимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ана шундай ортга қайтмас ислоҳотлар эътироф этилди.

 

Тадбирда, шунингдек, тизим ходимлари ўртасида ўтказилган танлов доирасида “Энг яхши ҳудудий божхона органи бошлиғи”, “Энг яхши суриштирувчи ходим”, “Энг яхши ёш кинолог” каби ўндан ортиқ номинациялар ғолиблари тақдирланди.

Тақдим этилган байрамона концерт дастури эса иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.