Ўзбекистонда илмий лабораториялар учун сунъий интеллектга асосланган ягона платформа ишга туширилади
Ўзбекистонда илмий-тадқиқот фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мамлакатдаги илмий лабораториялар ва тадқиқот инфратузилмалари учун сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформа ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур платформа республика бўйича мавжуд барча илмий-тадқиқот инфратузилмалари ҳақидаги маълумотларни ягона марказлашган ахборот ресурсида жамлаб, уларни самарали бошқариш имконини яратади. Шу орқали илмий ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинуви соддалашиб, илмий ресурслардан фойдаланиш даражаси оширилади.
Платформа доирасида сунъий интеллект технологиялари ёрдамида илмий инфратузилмалардан фойдаланиш самарадорлигини прогнозлаш ва оптималлаштиришга оид таҳлиллар амалга оширилади. Бу эса илм-фан ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотлар учун вақт ва моддий ресурсларни тежаш имконини беради.
Шунингдек, янги тизим соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, платформа илмий изланишлар сифатини ошириш, такрорий харажатларни камайтириш ҳамда республиканинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган илмий лабораториялар салоҳиятидан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишга замин яратади.
Сунъий интеллект технологияларига асосланган ушбу платформа Ўзбекистонда илм-фаннинг рақамли келажагини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, уни жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА