Кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайган

15

Бугун мамлакатимизда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Шу билан бирга, сўнгги беш йилда юртимизда кибержиноятлар сони 68 баробарга кўпайган. 2025 йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган. Бу рақамлар ҳам давлат органларидан мазкур соҳага кенгроқ эътибор қаратиш ҳамда зарур чораларни кўришни тақозо этмоқда.

Шу йил 13 январь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш шароитида киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилманинг барқарорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланиб, мутасаддиларга шахсга доир маълумотлар ва рақамли тизимлар ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш вазифаси топширилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилмаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашдаги устувор вазифалар” мавзусидаги давра суҳбатида киберхавфсизликни таъминлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, шунингдек, шахсга доир маълумотлар ва рақамли ахборот ҳимоясини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда бу йўналишдаги устувор вазифаларга оид маърузалар тингланди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабларини такомиллаштириш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш, унинг профилактикасига эътиборни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Кибержиноятчиликнинг янги турларига қарши самарали кураш олиб бориш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кибержиноятларга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш заруратига эътибор қаратилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА