Энг афзал сармоя
Халқимизда “Нима эксанг, шуни ўрасан”, деган пурмаъно мақол бежиз айтилмаган. Негаки, ҳар бир инсон эртанги ҳаёти бугунгидан яхшироқ бўлиши учун интилиб яшайди. Аммо бу интилиш турли кишиларда турлича.
Табиийки, турмушнинг фаровонлигини таъминловчи энг муҳим воситалардан бири бу пул саналади. Бироқ уни ҳам тўғри сарфлаш санъатдир. Чунки ҳар қандай сармоя ҳам ўзини оқлайвермайди. Шунинг учун ҳам энг афзал сармоя нимага киритилиши лозимлиги бўйича савол доим актуал.
Ўзбек миллати азал-азалдан ўзининг юксак маънавияти ва кенг тафаккури билан жаҳонда ном қозонган. Бунга улуғ аждодларимизнинг дунё тараққиётида ўчмас из қолдирган илмий-маърифий меъроси мисол. Ўз-ўзидан ойдинлашадики, энг афзал сармоя бу таълимга тикилган сармоядир.
Собиқ шўро сиёсати сабаб бизнинг тилимиз, маданиятимиз ва қадриятларимиз топтала бошлаган бир пайтда миллатимиз қаҳрамонлари саналмиш маърифатпарвар жадидларимиз катта саҳнага чиқишди. Улар ёшларни илмга жалб қилиш ва онгига миллатпарварлик ғояларини сингдириш орқали миллатимизнинг ўзлигини сақлаб қолишга улкан ҳисса қўшди.
Бу йўлда улар янги тизим асосида мактаблар очиш, жойларда театрлар саҳналаштириш орқали халқнинг тафаккурини ўстиришга бор имкониятларини ишга солдилар.
“Мактаб сизни инсон қилур,
Мактаб ҳаёт эҳсон қилур
Мактаб ғами вайрон қилур
Ғайрат қилиб ўқинг ўғлон!”, дея хитоб қилганди жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзоси Абдулла Авлоний.
Янги Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати ҳам айнан таълим-тарбияни биринчи даражага кўтарди. Ёшлар, хусусан, аёллар таълимига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ўқиши, турмуш тарзини яхшилаш учун зарур бўлган сарф-харажатларнинг катта қисми давлат томонидан қоплаб берилиши йўлга қўйилди.
Жумладан, талабалар ижара ҳақининг 50 фоизигача, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бор шахслар тўлов шартномасининг 50 фоизини бугунги кунда давлат тўлаб бермоқда. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимиз таълим тизими изчил ривожланаётган давлат сифатида жаҳон рейтингларида эътироф этилмоқда.
Кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари бошчилигида Учинчи Ренессанс сари одимлашнинг асосий мезони бу таълим. Шундай экан, бу мукаддас вазифани ўташда ҳар бир ота-она, ҳар бир фарзанд ўз бурчини масъулият билан адо этиш орқали ҳиссаларини қўшмоғи шарт. Шундагина улуғ аждодларимизга муносиб фарзанд, келажак авлод учун эса муносиб йўлбоши бўла оламиз.
Шербек Исломов, ЎзА