Европа нашри Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити янги босқичга чиққанига эътибор қаратди
Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришлар халқаро иқтисодий доиралар диққатини тобора кўпроқ жалб этмоқда. Шу маънода Германиянинг иқтисодий йўналишда мақолалар эълон қилиб борадиган нуфузли нашри саналган “Ostwirtschaft.de” бу гал Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳити, янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратди.
Манба Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига таянган ҳолда, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра юртимизда 474 минг 899 та фаол корхона ва ташкилот мавжуд эканини юқори баҳолаган. Уларнинг салмоқли қисми тижорат соҳасида фаолият юритмоқда. Жумладан, 407 минг 850 та субъект тўғридан-тўғри тижорат корхоналари ҳисобланади. Бу рақамлар мамлакатда хусусий секторнинг ҳануз иқтисодий ривожланишда ҳал қилувчи ўрин тутаётганини кўрсатади, дейилади мақолада.
Таҳлилчилар таъкидлаганидек, иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кичик ва микро-корхоналар етакчиликни сақлаб қолмоқда. Бу ҳолат тадбиркорлик кенг оммага таянган ҳолда ривожланаётганини англатади.

Тўғри, охирги икки-уч йил ичида корхоналар сонида муайян қисқариш кузатилган. Хусусан, 2023 йилда қайд этилган рекорд даражадаги — 592 мингдан ортиқ корхона кўрсаткичидан кейин бозорда табиий танланиш, яъни “фильтрланиш” жараёни рўй берган. Германия мутахассислари фикрича, бу тенденция миқдорий ўсишдан кўра, барқарорлик ва рақобатбардошликка асосланган сифатли ривожланишга ўтишни англатади.
Материалда соҳавий таркиб ҳам таҳлил қилинган. Айниқса, Германия нашрини қизиқтирган жиҳат хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сонининг кескин ўсишидир. Маълумотга кўра, бундай компаниялар сони 18 минг 164 тага етган, бир йил ичида 22 фоиздан ортиқ ўсиш қайд этилган. Кейинги беш йил мобайнида эса уларнинг сони деярли икки баробарга ошган.
Эътиборли жиҳати шундаки, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг қарийб 75 фоизи тўлиқ чет эл инвесторларига тегишли. Бу ҳолат Ўзбекистондаги инвестиция муҳитининг очиқлиги, ҳуқуқий кафолатлар ва инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар самарадорлигидан далолат бериади, деб ёзган манба.
Хулоса сифатида германиялик таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисодиётини фаол трансформация жараёнидаги бозор сифатида баҳолаб, хорижий сармоядорларнинг мамлакат истиқболига бўлган ишончи изчил равишда мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаяпти.
Б.Худойбердиев, ЎзА