НДПИ талабалари битирув-малакавий ишларини ҳимоя қилмоқда

14

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Табиий фанлар факультетида биология кечки таълим йўналиши битирувчи талабаларининг битирув-малакавий ишларини ҳимоя қилиш жараёни бўлиб ўтмоқда.

– Факультетимизда жорий йилда бакалавриатнинг кимё ва биология мутахассисликларида кечки таълим йўналишлари бўйича тегишли таълим дастурларини тўлиқ тамомлаган ва ўқув режасида кўзда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган жами 56 нафар талаба битирмоқда, – дейди факультет декани Қаржавбой Реймов. – Шундан 48 нафар талаба мутахассислик фанларидан ёзма шаклда давлат аттестация синовларини муваффақиятли топширди. Бугун биология таълим йўналишининг 8 нафар талабаси битирув-малакавий ишларини ҳимоя қилмоқда.

Бу жараёнда талабалар ўқиш давомида эгаллаган назарий билим ва амалий кўникмаларини илмий изланишлар орқали намоён этишга ҳаракат қилмоқда.


Ҳимоя жараёни белгиланган жадвал асосида, тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат давлат аттестация комиссияси иштирокида ташкил этилмоқда. Талабалар ўз битирув ишларида танлаган мавзуларининг аҳамияти, илмий янгилиги ва амалий зарурлигини асослаб, комиссия аъзоларининг саволларига тўлиқ жавоб бермоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтадиган бўлсак, жорий йилда институтда бакалавриатнинг математика ва информатика, физика, кимё, шунингдек, биология кечки таълим йўналишлари бўйича жами 111 талаба битириб чиқиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги