Мансабдорлар суд мажлисларида мажбурий иштирок этади, акс ҳолда жарима қўлланилади

Одил судловга эришиш фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясида муҳим ҳисобланади. Бу борада маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилгани долзарб аҳамият касб этмоқда. 2017-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлиб, уларнинг 61 мингга яқини ёки 60 фоизи қаноатлантирилган.
Бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибалар татбиқ этилмоқда.
Қуйи палата мажлисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Лойиҳа билан маъмурий суд ишларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш, яъни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий, халқаро стандартларга мос механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳада давлат органлари мансабдор шахсларининг суд мажлисларида мажбурий иштироки белгиланмоқда. Асоссиз сабаблар билан судга келмаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши назарда тутилмоқда. Бу давлат органлари масъулиятини ошириш, суд жараёнларида ҳақиқий тортишув ва очиқликни таъминлаш, одил судловни ташкил этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, судга ҳурматсизлик қилганлик ёки суднинг хусусий ажримларини ижро этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати бевосита маъмурий судларнинг ўзига берилмоқда. Бу суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекларга ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу янгиликлар маъмурий суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги институт ва тартибларни жорий этишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси билан жорий этилаётган муҳим янгиликлардан бири — “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи. Унга кўра, давлат органининг қарор ёки ҳужжатига ишониб, виждонан ҳаракат қилган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилинади. Давлат органи хатоси учун ҳалол фаолият юритган шахс жавобгар бўлмаслиги қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Маъмурий судларда маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув институти жорий этиляпти. Ушбу босқич суд муҳокамасигача далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ва тарафларни келиштириш имконини беради. Бу эса ишларни кўриш муддатларини қисқартириш, ортиқча харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА