Китобхонлик янада равнақ топади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқимизни китобхон миллатга айлантиришга оид эзгу саъй-ҳаракатлари тобора янгича маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда.
Айтиш керакки, халқимиз азалдан китобхон, адабиётсевар халқ. Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг яхши китобга бўлган қизиқишини тобора кучайтириш, миллий адабиётимиз, ижод аҳлига эътиборини янада орттириш, кутубхоналар фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйиш бўйича жиддий қадамлар қўйилди.
Юртимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг аниқ ва кенг имкониятли механизми яратилди. Наинки юртдошларимиз, балки хорижликлар ҳавасини келтирадиган “Адиблар хиёбони” китобхонлик, адабиёт, шеъриятнинг файзли масканига айланди.

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш бўйича кўплаб ижтимоий-маърифий лойиҳалар ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Мутолаа маданиятини кучайтириш ва рағбатлантириш юзасидан маърифий танловлар, викториналар, анжуманлар, китобхонлик ҳафталиклари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва бошқа зиё масканлари томонидан тобора фаол ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда янги истиқболларни кўзда тутгани билан аҳамиятлидир.
Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.
Жамғарма маблағлари кўплаб эзгу маърифий тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланди. Танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш ва асарларини нашр этиш, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида 1 йилгача БҲМнинг 50 баравари миқдорида ҳар ой ҳақ тўлаш, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш, васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш шулар жумласидандир. Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича “Китоб– маърифат манбаи” дастури амалга оширилади.
Давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади. Транспортларда (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобиль интернет тармоғи орқали “Mutolaa” платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.
Умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этилади. Ушбу клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади. Мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади. Ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 мартга қадар тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади. Ҳар йили камида 3 тадан касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиб, малакали мутахассислар иштирокида уларни изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти жорий этилади.
2026 йил 1 апрелга қадар ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади. Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади.
Танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги йилларда китобхонлик
тарғиботи бўйича мисли кўрилмаган эзгу, узоқни кўзловчи ташаббуслар ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ёшларни янада маърифатли, билимли, оқни қорадан ажрата оладиган, соғлом тафаккур соҳиби этиб тарбиялашда, сўз санъатининг қудратини астойдил ҳис этиши ва унга ошно бўлишда, юрт истиқболини таъминлашда муҳим қадамлардир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири