Хавфсизлик камари тақишдан озод этиладиган шахслар рўйхати эълон қилинди

Хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар рўйхати тасдиқланди
«Саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар» рўйхати Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича QR-кодли тиббий маълумотнома «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки бемор даволанган давлат тиббиёт муассасаси томонидан бепул берилади.
Рўйхатга жами 20 турдаги касаллик ва ҳолатлар киритилган:
Жароҳатлар ва синишлар: ўмров, тўш суяги, елка камари, қовурғалар ва умуртқа поғонасининг синиши ҳолатларида.
Нафас олиш тизими: ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бронхиал астманинг IV босқичи, шунингдек, ўпканинг бир қисми ёки биттаси бутунлай олиб ташланган ҳолатлар.
Юрак-қон томир тизими: Сурункали юрак етишмовчилигининг III ва декомпенсация босқичи, оғир инфаркт ва ишемия ҳолатлари.
Жисмоний ҳолатлар: III даражали (морбид) семизлик (ТМИ 40 дан юқори).
Бўйи 150 сантиметрдан паст бўлган шахслар (нанизм).