Ватанни мардлар ҳимоя қилади

28

Қораўзак тумани марказидаги Маданият саройида «14 январь – Ватан ҳимоячилари куни» ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, ҳарбий соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда туман ҳокими А.Баймуратов, иштирокчиларни байрам билан самимий табриклаб, мамлакатимизда миллий Армиямизнинг куч-қудратини мустаҳкамлаш, уни билимли ва етук кадрлар, янги замонавий технологиялар билан таъминлаш йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшларимизга яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.

Шунингдек, тадбирда ҳарбий соҳа ходимлари ҳам сўзга чиқиб, Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида кўплаб ижобий ишлар олиб борилаётганини фахр билан қайд этди.

Ўтказилган тантанали тадбир давомида туман мудофаа ишлари бўлими ходимлари ва мактаблардаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиларига туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Байрам тадбири туман маданият бўлими ходимлари, Болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари ижросидаги она Ватан ва жасоратни тараннум этувчи концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги