Белгиланган бепул тиббий хизматлардан ташқари хизматлар пуллик амалга оширилади

20

Вазирлар Маҳкамаси томонидан кафолатланган пакет доирасидаги бепул тиббий хизматлар ҳажми белгилаб берилган. Эндиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг ушбу кафолатланган ҳажмидан ортиқча тиббий хизматлар ва бошқа хизматлар пулли асосда амалга оширилиши кутилмоқда.

Шунингдек, оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадасининг йўлланмасисиз бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига мурожаат қилинганда ҳам фуқароларга пулли асосда тиббий хизмат кўрсатилади. Чунки бу тиббий ёрдам ҳам қўшимча хизмат ҳисобланади. Бундан шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш мустасно.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида юқоридаги тартиблар ҳамда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатига олишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига ўзига тиббиёт соҳасида, олий ёки касбий таълим олганлик тўғрисидаги диплом берилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган шахслар эга бўлиши белгиланмоқда. Бунда тиббиёт соҳасида олий ёки касбий таълим тўғрисидаги диплом берилганда якуний давлат аттестациясининг натижасига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали таъминлашга, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишга, қонунчилик ва малака талабларига мос келмайдиган шахсларнинг тиббий ҳамда фармацевтик фаолият билан шуғулланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА