Туркий давлатлар ўртасида инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Кеча Остона шаҳрида Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг 3-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Таъкидланишича, мазкур йиғинда Иттифоқга раислик илк бор Қозоғистонга топширилган. Шунингдек, конференцияда юртимиз вакилларидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчилари Алишер Шайхов ҳамда Жамил Максуди иштирок этган.

Ассамблея иштирокчилари келгуси даврдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олишди. Хусусан, саноат кооперациясини кучайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан фаол фойдаланиш асосий вазифалар сифатида қайд этилди. Шу билан бирга, савдо ва техник тўсиқларни қисқартириш, халқаро маршрутлар ва логистика коридорларини ривожлантириш орқали транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси туркий давлатлар ўртасида ягона иқтисодий маконни шакллантириш ва амалий иқтисодий натижаларга эришишга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.

Маълумот ўрнида: Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқи 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, у ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ўртасида савдо, саноат, инвестиция, технология ва бошқа иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган халқаро платформа ҳисобланади. Ҳозирги кунда Иттифоқ таркибига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон ва Венгрия киради.
Ў.Алимов, ЎзА