Ваъдалардан амалиётга: Доҳа форуми қандай ўтди?

8

Қатар Амири, Сурия Президенти, Афғонистон муваққат ҳукумати, АҚШ лидер аёли Ҳиллари Клинтон, миллиардер Билл Гейтс ва Ўзбекистон делегацияси… ЎзА журналисти объективи Қатарда ўтган Доҳа форумига қаратилди.

Қатарда ҳар йил ўтказиладиган нуфузли Доҳa форуми жорий йил 6-7 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан ташкил этилган анжуман жаҳоннинг турли минтақаларидан давлат раҳбарлари, дипломатлар, бизнес етакчилари, халқаро ташкилотлар ва медиа вакилларини бир жойга тўплади.

23-Доҳа форуми бу гал “Амалда адолат: ваъдалардан натижаларга” шиори остида ўтди. Мавзу глобал ҳамжамиятни амалдаги ечимларга чақириш, шунингдек, Қатарнинг халқаро инқирозларга нисбатан жиддий ва масъулиятли ёндашувини яна бир бор намоён қилгани билан аҳамиятлидир.

Анжуман қатнашчилари ушбу мамлакатнинг халқаро тинчликка бағишланган қатъий позициясини эътироф этди. Форум очилиш маросимида Қатар Амири иштирок этиб, нутқ сўзлади. Йиғинда “Education Above All” (ҳамма учун таълим) жамғармаси билан ҳамкорликда Фаластин ва Афғонистонда болалар таълимини қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси учун Алекс Тиер ва Саъд Муҳсенийга “Doha Forum” мукофоти топширилди.

– Биз ҳақиқий, инклюзив ва ҳисобдор глобал бошқарувни таъминлаш – бугунги куннинг энг катта вазифаси эканини тан олишимиз керак, – деди форум ижрочи директори Муборак Ажлан ал-Куварий.

Эътиборли жиҳати, форумда дунё сиёсий саҳнасининг энг нуфузли шахслари жумладан, Гана, Сурия, Ливан, Қатар ва Қурдистон президентлари, Туркия, Испания, Нигерия, Либерия ва Греция ташқи ишлар вазирлари, Жаҳон иқтисодий форуми раҳбарияти, АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳамда таниқли тадбиркор ва “Microsoft” компанияси асосчиси Билл Гейтс ҳам қатнашди.

Йиғинда минтақаларга тинчлик, барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган “Ғазо ва Яқин Шарқда тинчлик истиқболлари”, “Энергетика, хавфсизлик ва савдо соҳаларидаги янгиланган ҳамкорлик имконияти”, “Молиялаштиришдаги глобал қисқаришлар фонида тиббий хизмат барқарорлиги” каби қатор сессиялар ҳам ташкил этилди.

– Мен ҳақимдаги миш-мишлар жуда кўп, -деди Сурия муваққат президенти Аҳмад Аш-Шараъ “CNN” телеканалига берган эксклюзив интервьюсида. – Аввало, мен ҳеч қачон тинч аҳоли вакилларига қарши зиддиятга бормаганман ва айни пайтда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг террорчилар рўйхатида эмасман.

Форум доирасида ўтказилган энг муҳим сессиялардан бири сифатида “Медиация парчаланган дунёда” мавзуси алоҳида эътиборга олинди. Ушбу сессияда Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний, ЕИ ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас, Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири кўп ҳолларда адолат халқаро ҳуқуқ соҳасида деярли кўринмай қолганини, ҳуқуқий механизмлар самарадорлигининг сусайиши жаҳон инқирозларини янада кучайтираётганини қайд этди.

– Бугунги кунда дунё қонун устуворлиги ва адолатли халқаро тартиботга ишончни тиклашга ҳар қачонгидан-да кўпроқ муҳтож. Минтақавий муаммоларни глобал ноқонунийлик ва халқаро меъёрларга нисбатан ҳурматнинг пасайиши билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқмасдан бўлмайди. Дунёга янги ваъдалар керак эмас, балки сўзларни амалга айлантирадиган адолатли тартибот зарур, – деди Ол Соний.

Миллиардер Билл Гейтс ҳам тадбирда маъруза қилди. У рақамли дунёда барча имкониятлар ошаётгани, аммо бундан тўғри фойдаланиб, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва муаммоли ҳудудларда коммуникация орқали ижобий кайфият улашиш зарурлигини айтди.

Форумнинг ёпилиш қисмида Қатар биринчи хоними Муза бинт Носир ал Миснид нутқ сўзлаб, мулоқотлар амалий ҳаракатларга айланиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, адолатли келажакка эришиш учун жамоавий масъулият барчадан талаб этилади.

Тарихий саммитда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Афғонистонни фаол жалб этиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг янги тизимини шакллантиришга қаратилган ташаббус – Термиз мулоқотига бағишланган махсус сессия ўтказилди. Кейинги лавҳаларимиз орқали шу ҳақда батафсил маълумот берамиз.

Беҳруз Худойбердиев,

Искандар Исматов (видео),ЎзА 

Доҳа, Қатар