Ўзбекистон-Хитой: икки йўналишда “1+3” қўшма таълим дастурини очиш бўйича келишувларга эришилди

32

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, Хитойнинг Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида (UIBE) Тошкентдаги Пиза университети филиали ҳамда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар ўртасида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, илғор таълим технологияларини жорий қилиш ва талабалар учун қўшма академик дастурларни ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, олий таълим соҳасида тажриба алмашиш ва профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар натижасида “Халқаро савдо” ва “Бизнесни бошқариш” йўналишларида “1+3” қўшма таълим дастурини очиш бўйича келишувларга эришилди. Бу дастур талабаларга биринчи йилни Тошкентдаги Пиза университети филиалида ўқиш имконини беради, кейинги уч йилда эса улар UIBE университетида илмий ва амалий билим олишади. Бу ҳамкорлик нафақат талабалар учун, балки икки давлат олий таълим тизимлари учун ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон делегациясининг Хитойга қилган ушбу амалий сафари икки мамлакат ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий халқаро таълим дастурлари учун янги имкониятлар яратишда алоҳида аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА