Қўриқлаш хизмати сифати янги босқичга кўтарилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг 2026 йилдаги биринчи йиғилишлари бўлиб ўтди. Йиғилишларда фракцияларнинг Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалари белгиланиб, бир қатор муҳим қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида қўриқлаш хизматлари фаолиятига оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ички ишлар органлари тасарруфига ўтказилгани ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилгани муносабати билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартиришларга кўра Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан кўриб чиқиш ваколатига доир бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар эндиликда Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш Департаменти масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалдаги мавжуд қонунчилик ҳужжатларининг тизимлаштирилишига олиб келади. Шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олди олиниши ва қўриқлаш хизматлари сифатини янги босқичга кўтаришга ҳамда объектлар қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди ва якунда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА