Янги йил арафасида янги иморат: ёшлар ватанли бўлди

4

2021-йил 9-август кунги ПҚ-5216-сонли қарори  ижроси доирасида республикамизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор эзгу ишлар амалга оширилди.

Хусусан, якунланаётган 2025 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 86 нафар ёш замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойлар билан таъминланди. Бу эса ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг эркин ҳаётга қадам қўйиши ва келажак режаларини амалга оширишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Янги йил байрами арафасида бу тадбир жойларда давом этиб, ёшлар янги уйлар билан таъминланиб, қувончга тўлди.

Шундай тадбирлардан бири Хўжайли туманида ҳам давом этиб, янги йил арафасида туманда яшовчи уч нафар ёшга янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирга туман ҳокими Ж.Ермашев, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази  туман бўлими бошлиғи З.Хожамуратова ва кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар учун катта имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Бу йил олий ўқув юртига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Ота-онам бўлмагани учун бувижонимнинг қарамоғидаман. Янги уй билан таъминланганим учун Президентимизга, юрт раҳбарларига миннатдорлигим чексиз. Бу эътиборни келгусида элимизга муносиб хизматларим билан қайтаришга ҳаракат қиламан, – дейди Хўжайли туманида яшовчи Дилшода Хўжаназарова.

                                                             Қорақалпоғистон ахборот агентлиги