Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда

Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Нукус шаҳрида ҳам янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Жойларда байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур ишлар олиб борилмоқда. Пойтахтимиздаги оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган ҳудудларда янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, турли кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, нукусликларнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-навони кескин ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган савдо ярмаркаларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзон нархларда сотилиши йўлга қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб «Нукус деҳқон бозори»да арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган.
Ярмаркаларда гўшт ва гўшт маҳсулотлари, паррандачилик маҳсулотлари, тухум, сут ва сут маҳсулотлари, ун, гуруч, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавот ва бошқа асосий истеъмол товарлари бозор нархларига нисбатан анча арзон нархларда таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, маҳсулотлар сифати ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши тегишли ташкилотлар томонидан доимий назоратга олинган.

– Бугунги кунда шаҳарда арзонлаштирилган ярмарка фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган, – дейди шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Муслим Канназаров. – Ярмаркаларда 45 дан ортиқ савдо қилувчи тадбиркорлик субъектлари бириктирилган бўлиб, уларга барча шароитлар яратилган. Сотилаётган маҳсулотлар бўйича санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши устидан тегишли ташкилотлар назорати йўлга қўйилган. Аҳолимизга қулай бўлиши учун арзонлаштирилган ярмаркаларда сотувчилар 110 та назорат касса машинаси ва тўлов терминаллари билан таъминланган савдо нуқталари ташкил этилиб, уларда доимий назоратни ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва мониторингини юритиш мақсадида 22 нафар масъул ходим бириктирилган.
Шунингдек, шаҳардаги барча маҳаллаларда кўчма савдо дўконлари ташкил этилган.
Бугун Нукус шаҳри ҳокимлигида ҳам арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкиллаштирилиб, аҳолига байрам дастурхони учун зарур бўлган барча маҳсулотларни бир жойдан, арзон ва сифатли тарзда харид қилиш имконияти яратилди. Ярмаркада 15 та тадбиркорлик субъекти ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
– Нукус шаҳар ҳокимлиги ва «Нукус деҳқон бозори» томонидан Янги йил байрами арафасида арзонлаштирилган ярмарка ҳар йили ўтказилиши гўзал анъанага айланган, – дейди «Нукус деҳқон бозори» назоратчиси Гүлпаршын Төремуратова. – Энг муҳими, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари гўшт, тухум, парранда маҳсулотлари, мева-сабзавот, гуруч ва ҳар хил пишириқлар арзон нархларда таклиф этилмоқда.
Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари 2026 йилнинг 15 январига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг шарҳловчиси