Какао инқирози: шоколад 2050 йилгача йўқ бўлиб кетиши мумкин

3

Глобал какао ишлаб чиқариш сўнгги йилларда кескин тушиб кетмоқда, айниқса, шоколаднинг асосий манбаи ҳисобланган Ғарбий Африка мамлакатларида бу жараён ёмон ҳолатда. Бу ҳудудларда сўнгги икки йилда ҳосилдорлик 40% гача пасайиб, шоколад нархлари 1970 йилдан бери кузатилмаган даражада ошди.

Мутахассислар таъкидлашича, агар вазият шундай давом этса, 2050 йилгача какао бутунлай йўқолиши мумкин. Асосий сабаб сифатида иқлим ўзгариши, ёмғирнинг кескин ўзгарувчанлиги, сув тошқинлари, тупроқ эрозияси ва замбуруғ касалликлари кўрсатилмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун олимлар кароб ўсимлигига эътибор қаратмоқда. Бу ўсимлик иссиқ ва қуруқ шароитларга чидамли, кам сув билан ҳам ўсади ва қовурилганда шоколадга ўхшаш хушбўй ҳид чиқаради. Тадқиқотчилар фермент усуллари ёрдамида каробнинг таъмини яхшилашга муваффақ бўлиб, уни какао кукуни ва бошқа маҳсулотларда ишлатиш имкониятини ўйлаб топишди.

Агар кароб кенг миқёсда қўлланилса, у шоколад саноатининг какао билан боғлиқлигини камайтириб, ишлаб чиқариш занжирини иқлим инқирози ва касалликлардан ҳимоя қилиши мумкин. Шу тарзда, кароб шоколаднинг келажагини сақлаш ва истеъмолчиларга севимли таъмни йўқотмаслик имконини беради.

Мусулмон Зиё, ЎзА