Янги ип йигириш корхонаси ишга туширилди

12

Қорақалпоғистон тарихида унутилмас воқеаларга бой тарзда ўтаётган 2025 йил мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳаларида улкан ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлмаган бир қанча имкониятлар ва имтиёзлар берилди. Бундай тадбирлар тадбиркорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга, янги инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилаётир.

Шундай эзгу ишлар қаторида Нукус шаҳрида халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган умумий қиймати 48,5 млн. доллар бўлган, йилига 18 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга ва 400 иш ўрни яратадиган «Нукус ССП Технопарк» корхонасини айтиб ўтиш мумкин.

Янги йил арафасида ушбу йирик саноат корхонасининг ишга туширилиши муносабати билан очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги корхона иш бошлагани билан самимий табриклади.

Сўнгра тадбир иштирокчилари корхонанинг ишлаб чиқариш имконияти ва ишчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Албатта, ишга туширилаётган ушбу корхона халқимиз фаровонлиги йўлида мамлакатимиз иқтисодиёти ва саноатини ривожлантиришга узоқ йиллар давомида хизмат қилишига қатъий ишонамиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги