Қорақалпоғистон тарихида муҳим воқеаларга бой янги саҳифалар яратилмоқда

7

Ўтиб бораётган йил Қорақалпоғистон учун чин маънода баракали йил бўлди десак адашмаган бўламиз. Чунки, бу қисқа вақт ичида ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида аввал ҳаётга татбиқ этилган ҳужжатлар қаторида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида минтақамиз учун берилган имтиёзлар сони янада ошди. Бундан ташқари, республикамиз ҳаётида кўплаб тарихий воқеалар юз берди.

Ана шундай амалга оширилган эзгу ишлар қаторида Янги йил байрами арафасида бугун Нукус шаҳри ҳудудида саноатимизни ривожлантиришда ва иқтисодиётимизни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган «Qoraqalpoq bazaltwool» корхонасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни корхонанинг тўлиқ ишга тушиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳаларида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳар бир инсонда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.

Ана шундай амалий ишлар қаторида базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқарувчи янги корхона фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 50 млн. доллар бўлган ушбу янги корхонанинг ишга тушиши билан йилига 40 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, 200 нафарга яқин фуқарони доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, нафақат ички бозорларга, балки экспортга ҳам йўналтирилиб, юртимизга валюта тушумини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ўтказилган тадбир давомида нуроний-оқсоқоллар, фаол хотин-қизлар ва кенг жамоатчилик вакилларидан иборат меҳмонлар корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

                                                            Қорақалпоғистон ахборот агентлиги