Каналларнинг фойдали иш коэффициентини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда

24

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Сув хўжалиги вазири Бахтиёр Юсупов 2025 йил давомида ҳудудларга етказиб берилган сув миқдорлари, жорий этилаётган тежамкор технологиялар, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, каналларни реконструкция қилиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Қайд этилганидек, 2025 йилги ёзги суғориш мавсумида дарёларда сув оқими меъёрга нисбатан 85-90 фоиз атрофида бўлди.

Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун республика бўйича жами 5 миллиард куб метрдан ортиқ сув етказиб берилди.

Ушбу сув ресурслари билан 53 минг гектар ғалла, 80 минг гектар пахта майдонлари, 180 минг гектар мева-сабзавот ва бошқа экинлар суғорилди. Бундан ташқари, 145 минг гектарда шўр ювиш ва нам сув бериш ишлари амалга оширилди, шундан 21 минг гектарига такрорий экинлар учун сув берилди.

– Сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Б.Юсупов.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаштирилаётганлиги ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этган фермер ва деҳқонлар натижасини кўраётганлиги натижасида 2019-2025 йиллар давомида жами 290 минг 441 гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 56 фоизга етказилди. Жумладан, 24,1 минг гектарда томчилатиб, 7,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 614 гектарда дискрет ва 37,2 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий этилди ҳамда 221,2 минг гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.

Жумладан, биргина 2025 йилнинг ўзида жами 75,2 минг гектар (режага нисбатан 171 фоиз) майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 2,9 минг гектарда томчилатиб, 1,9 минг гектарда ёмғирлатиб ҳамда 6,1 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 2,1 минг гектар майдонда ариққа плёнка тўшаб суғориш ҳамда 62,2 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. Натижада, сув тежовчи технологиялар ҳисобига 2025 йилда 360 миллион куб метр сувни иқтисод қилишга эришилди.

Шу боис кейинги йилларда суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш ва каналларнинг фойдали иш коэффициентини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Каналларни бетонлаш натижасида сув йўқотилишининг олди олиниб, экин майдонлари, томорқаларга кафолатланган сув етказиб берилишига эришилмоқда ва натижада аҳолининг кайфияти, уларнинг турмуш тарзи ва қўшимча даромад олишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

2025 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 87,9 млн. сўм маблағ ажратилиб, 14 лойиҳа доирасида 45,4 километрлик (шундан, 42,1 км. қисми бетонланди) каналлар, 7,2 километрлик лотоклар ва 2 насос агрегати, шунингдек, 4 сув тўсиш иншооти қурилди ва реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, «Камбағалликдан фаровонликка» дастури доирасида сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳалари учун бюджетдан 198,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ушбу дастурга мувофиқ, 89 та лойиҳа доирасида 857,2 километр узунликдаги каналлар, 37 та суғориш қудуғи, 207 та насос агрегати ҳамда 85,5 километр узунликдаги босимли қувурларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 68270 та хонадонда яшовчи аҳолининг 10,98 минг гектарлик томорқа ерида сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Б.Юсупов келгуси 2026 йилда сув хўжалигида амалга оширилиши белгиланган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Матбуот анжуманида Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Н.Аралбаев ҳам насос станциялари ва уларнинг электр энергиясидан самарали фойдаланиш йўналишида йил давомида қилинган ишлар бўйича ахборот берди.

Маълумки, Президентимиз раислигида 2024 йил 7 ноябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йил – сув хўжалигида «Насослар самарадорлигини ошириш йили» деб белгиланган эди.

Шундан сўнг бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди ва унга кўра, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2025 йилда мамлакат насосларидан 20 тасини энергия тежамкор насосга алмаштирди. Натижада ўртача 528,1 минг кВт/соат энергия тежалди. Шунингдек, давлат насосларига жами 214 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди ва 408 миллион кВт/соат энергия тежалишига эришилди.

Эътиборлиси, сўнгги пайтларда кластер ва фермер хўжаликларида ҳисобдаги насос агрегатларини ҳам энергия тежамкорига алмаштириш ва уларга қуёш панелларини ўрнатиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Агар маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йилда 6 918 кВт электр қувватини ишлаб чиқарадиган қуёш панеллари ўрнатилгани ҳисобига ўртача 3,2 миллион кВт/соат энергияни тежашга эришилган.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги