“Келажакка қадам”: банк ходимлари ва битирувчи студентлар учрашуви

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Келажакка қадам” дастури доирасида битирувчи ёшларни меҳнат бозорига тайёрлаш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, тадбиркорликка бўлган қизиқишини кучайтириш ва ўз бизнес ғояларини амалга ошириш бўйича амалий билим ва кўникмалар бериш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутахассиси К.Шарипова, Бизнесни ривожлантириш банки ментор-тренери Н.Атамуратова, “Мўйноқ тур” жамияти раҳбари, тадбиркор А.Бекжанова, шунингдек, институтнинг битирувчи курс талабалари иштирок этди.
– Институтимизда битирувчи курс талабаларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Келажакка қадам” маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказга мурожаат қилган талабаларга бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасида юқори натижаларга эришяпмиз. Хусусан, бугунги кунга қадар марказимиз орқали институтимизнинг 64 нафар битирувчи талабасига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 1 миллиард 683 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди, – дейди институт регистратор офиси менежери, “Келажакка қадам” маркази масъули Нурсултан Танбаев.
Семинар давомида банк ходимлари томонидан ёшларга имтиёзли кредитлар, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш механизмлари, стартап лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари ва банк хизматларидан самарали фойдаланиш бўйича батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, сўзга чиққан тадбиркор ўз меҳнат фаолияти давомида тўплаган тажрибалари, муваффақиятларга эришиш йўллари, дуч келган қийинчиликлар ва уларни енгиб ўтиш бўйича амалий маслаҳатлари билан бўлишди.

Тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги