Ёш спортчилар ва уларнинг мураббийлари тақдирланди

39

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармон ва қарорлари асосида мамлакатимизда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганишга йўналтириш ҳамда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун кўплаб қулай шароитлар яратиб берилмоқда.

Албатта, ўзларига яратилган бундай имкониятлардан республикамизнинг барча ёшлари фойдаланиб, сўнгги йилларда илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Айниқса, сўнгги вақтларда ёш спортчиларимизнинг мамлакат чемпионати, кубоги ва халқаро спорт мусобақаларида кўрсатиб келаётган натижалари таҳсинга лойиқ. Уларнинг қўлга киритган ютуқлари кенг жамоатчилигимизни қувонтириб, республика ва туман раҳбарлари томонидан муносиб тарзда рағбатлантирилмоқда.

Шундай рағбатлантириш тадбири Чимбой туманида ўтказилиб, унда спорт турлари бўйича бокс бўйича 2025 йили Президент олимпиадаси ва сузиш спорти бўйича ёшлар ўртасида V Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар ва уларни тайёрлашда устозлик қилган мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокими А.Тажетдинов ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминовлар иштирок этиб, ғолиб ёшларимизни ва уларнинг мураббийларини қўлга киритган катта ғалабалари билан табриклаб, келгуси мусобақаларда ҳам яхши натижаларга эришишларини тилаб қолишди.

Тадбирда чимбойлик ёш спортчилар ва уларнинг мураббийларига ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

– Бу йил ўтказилган Президент олимпиадасида бокс бўйича Гулчеҳра Қўлдосбоева ва Гулсимай Хўжабоевалар кумуш ва бронза медалларини, Шаҳноза Ережепбоева эса, V Параосиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритиб, халқимизни чексиз қувонтирган эди, – дейди Чимбой тумани спорт мактаби директори Байназар Избасаров. – Бугунги рағбатлантириш тадбири ёшларимизга алоҳида куч-ғайрат бағишлаб, уларни янада олдинга интилади. Шу боис халқимизни ишонтириб айтаманки, келгуси йилда ҳам мураббийларимиз ёшлар билан ҳамкорликни давом эттириб, бу йил эришилган натижаларни янада юксалтириш учун ҳаракат қилаверади.

Рағбатлантириш тадбири туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси