ОАВ ва матбуот – жамият кўзгуси

21

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлимининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда уюшма бўлими аъзолари, таниқли журналистлар, ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Дауыт Абибуллаев мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёв томонидан очиқликни, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳага оид қонунчилик такомиллашаётганини, журналистлар зиммасида ислоҳотларни, воқеа-ҳодисаларни холис-ҳаққоний ёритишдек масъулиятли вазифалар турганини алоҳида таъкидлади.

Дастлаб тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, кўп йиллар «Еркин Қарақалпақстан» газетасида меҳнат қилган Е.Ерманов, У.Утеулиев, Ж.Унайбаев, Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясида ишлаган Қ.Мадреймов, Р.Хамидова, «Қанлыкөл хабарлары» газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган К.Тилеуов, Қорақалпоғистон радиосида меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада бўлган Қ.Шамуратов каби бир қатор касалманд фахрий журналист ва муҳаррирлар ҳолидан хабар олиниб, уларга уюшма номидан совғалар топширилди. Янги йил байрами арафасида яна ўндан ортиқ журналистларнинг ҳолидан хабар олиш режалаштирилган.

Ҳисобот даврида “Шымбай ҳаўазы” газетаси фотомуҳбири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси О.Пирленов, «Хожели ҳақыйқаты» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ф.Утемуратов, Қорақалпоғистон телеканали журналистлари Б.Есмурзаев, А.Утениязова, Қорақалпоқ электр тармоқлари матбуот котиби Қ.Нагметов, нафақадаги журналист Ш.Пахратдиновалар туғилганининг 60 йиллиги, фахрий журналист О.Сатбаевнинг 70 йиллик юбилейлари муносабати билан совғалар топширилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Д.Абибуллаев ҳудуддаги маҳаллий нашрларда ишлаётган журналистлар фаолиятини юқори баҳолади. Уларнинг малакасини ошириш учун келгусида чет элга юбориш, жаҳон тажрибасини ўрганиш ва амалиётга тарғиб қилиш борасида ўз фикрларини билдирди.

Бу йил «Олтин қалам» миллий мукофотига маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари фаол қатнашиб, улардан Қорақалпоғистон телеканали муҳаррири З.Жаббарбергенова ғалаба қозонди. Нукус телемаркази монтаж бўлими катта электромеханиги Р.Амангелдиева «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. «Энг улуғ, энг азиз» танлови республика босқичида телеканал журналисти С.Жуманазарова совринли ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши қуллаб-қувватлаши билан уюшманинг Қорақалпоғистон бўлимига 40 миллион сўм субсидия ажратилди. Яна бир янгилик Президентнинг “Журналистлар фаолиятини ҳимоя қилиш ва қуллаб-қувватлашда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аҳамиятини ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, йиғилишда туманларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаол журналистларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, уюшмага янги аъзолар қабул қилиш бўйича фикрлар билдирилди. Шу куни яна 11 журналист уюшмага аъзоликка қабул қилинди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан 2025 йил давомида фидокорона меҳнати, шунингдек, уюшма ишларида фаоллик кўрсатгани учун 5 нафар журналист тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги