Жаҳон банки билан барқарор ривожланиш йўналишидаги ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзбекистонда барқарор тараққиётни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва экологик мувозанатни сақлаш масалалари кейинги йилларда мамлакат ривожланиш сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу жараёнда халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки билан ҳамкорлик иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва муҳим соҳаларда замонавий ёндашувларни жорий этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёда барқарор ривожланиш бўйича минтақавий директори Самеҳ Ваҳба ўртасида учрашувда томонлар ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Унда мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқотда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳамкорликни кучайтириш, замонавий халқаро тажрибалар асосида лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, сув ресурсларини самарали бошқариш, ирригация тармоқларини такомиллаштириш, каналларни модернизация қилиш ва суғориладиган ерларга барқарор сув етказиб бериш тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслар муҳим ҳисобланади. Бу жараёнда атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қарши барқарор тизим яратиш, яшил инфратузилмани ривожлантириш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган йўналишлар аҳамиятли экани таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, мунтазам фикр алмашинувини таъминлаш ва белгиланган мақсадларга етишда тизимли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА