Меҳр-мурувват ҳаракати: эҳтиёжмандларга кўмак ва эзгулик намунаси

Меҳр–оқибат ва хайр–саховат ишлари – инсонларнинг бир–бирига бўлган эзгулиги, ишончи ва хайрихоҳлигини намоён этади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан ҳар йили ўтказилаётган «Меҳр–мурувват ҳаракати» доирасида республикамизда яшовчи фуқароларга моддий, маънавий, тиббий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Хусусан, жорий йилда республикамиз бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож ва камбағаллик реестрига киритилган 1544 оилага ёрдамлар берилади.
Кеча Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлигидан махсус ажратилган тор доирадаги шифокорлар, мобил давлат хизматлари ва давлат хизматчилари Беруний туманидаги Абай ва Беруний қишлоқ фуқаролар йиғинларида, Тўрткўл туманларида бўлиб, ҳудуд аҳолисига ўзларининг ёрдамларини кўрсатди.
– Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурод Турсунов томонидан кеча ушбу туманлардаги 7 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди, – дейди вазирликнинг ҳуқуқий ахборот сектори раҳбари Нурия Бердиниязова. – Шу билан бирга, ҳудуд аҳолисига мобил давлат хизматлари томонидан ҳам хизматлар кўрсатилиб, уларнинг муаммолари ҳал қилиб берилмоқда.



Айни кунларда «Меҳр-мурувват ҳаракати» республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи