2026 йилда инфляция даражаси 7,5 фоизга пасайиши кутилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда. Қонун лойиҳаси юзасидан Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 2026 йилда 6,6 фоизга ошиб, аҳоли жон бошига 4 минг 26 долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Ўсиш суръатлари эса саноатда 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз, қурилишда 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинган.
Инфляция даражаси кўрсаткичи камайиши кутилмоқда. Хусусан, 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,5 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари прогнози 515,4 триллион сўм, харажатлари прогнози 567 триллион сўм миқдорида, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоиз, ташқи қарзнинг чекланган ҳажми жорий йилга нисбатан камайиб, 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгилаш кўзда тутилган. Жорий йилда давлат ташқи қарзининг чекланган миқдори 5,5 миллиард этиб белгиланган эди.
Хизматлар соҳасида юқори билим ва технологияларни ривожлантириш, хусусан, сунъий интеллект асосида дастурий лойиҳалар ва кўрсатилган хизматлар ҳажмини 10 миллион доллардан 200 миллион долларга кўтариш чоралари кўрилади.
Туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳаллада инфратузилмани яхшилашга 5000 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Электр энергия ишлаб чиқаришда қўшимча қувватлар яратилади. 250 та маҳаллада 350 та саноат лойиҳалари, 50 та маҳаллада микросаноат марказлари ташкил этилади.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА