Жўқорғи Кенгес Раиси энг чекка ҳудудлардан бири бўлган «Чуқирқоқ» қишлоғи аҳолиси билан учрашди

19

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳридан қарийб 230 километр узоқликда жойлашган Элликқалъа туманидаги «Чуқирқоқ» қишлоғига борди ва аҳоли билан учрашиб, яқиндан суҳбатлашди.

Унда дастлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг, ҳудуд аҳолисининг муаммолари тингланди. Асосан, қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, кам таъминланган оилалар уйларини шиферлаб бериш, туман марказига борувчи транспорт қатновини тиклаш, сувни фильтрдан ўтказувчи ЭКОС фаолиятини яхшилаш каби масалалар кўтарилди.

Барча билдирилган мурожаатларга ижобий ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, «Яшил макон» акцияси билан давом этаётган кузги дарахт экиш ишлари доирасида яхши ниятлар билан мактаб олдига дарахт кўчатлари экилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, болалар боғчаси ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Қишлоқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминловчи сувни фильтрдан ўтказувчи ЭКОС ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, юзага келган муаммони ҳал қилиб бериш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги