Ўзбекистон Конституцияси – қонун устуворлигининг муҳим кафолати
Мамлакатимиз Асосий қонунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўз навбатида, айнан Бош қомусимиз қонун устуворлигининг муҳим кафолатидир.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова шу ҳақда фикр билдирди:
– Бош қомусимизда Конституция ва қонуннинг устунлиги ҳақида алоҳида боб киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.
Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритади.
Мазкур бобда кафолатлаб қўйилган тамойиллар “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғоянинг асосини ташкил этади. Зотан, ҳуқуқий давлатда барча соҳаларда, энг аввало, қонуний асосларга таянилган ҳолда иш юритилади. Бу қонуний асослар эса Бош қомусимиздан бошланади ва, ўз навбатида, унинг ўзи бунинг кафили бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши белгиланган.
Мазкур фармон асосида барча қонун ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
2025 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармойишида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш, “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этиш белгиланди.
Шундан келиб чиқиб амалга оширилаётган тадбирларда ҳам Конституцияда белгиланган халқ ҳокимияти, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топаётгани кўрсатиб берилмоқда.
Хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Конституция дарслари ташкил этилиб, унда Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилгани очиб берилмоқда.
Бундай тадбирлар ёшлар қалбида мамлакат Асосий қонунига ҳурмат ҳиссини шакллантириш билан бирга, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, буни амалда таъминлашдек ҳуқуқий маданиятни шакллантиради.
Н.Абдураимова,
ЎзА