Ўзбекистон иқтисодиёти келгуси уч йилда қандай суръатда ўсади?

15

Ўзбекистоннинг 2026–2028 йиллар учун ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлари ва пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари мамлакат иқтисодиётининг ташқи ва ички шaрoитларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Ташқи муҳитдан келиб чиқадиган таҳдидлар орасида жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар туфайли глобал ўсиш нисбатан паст бўлиб қолиши, инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришишнинг узоқроқ давом этиши, валюта бозорларида кескин ўзгаришлар кузатилмаслиги ва олтин нархларининг юқори даражада сақланиши прогноз қилинмоқда.

Ички муҳитда эса, асосий сценарийга кўра, ялпи талаб босқичма-босқич барқарорлашади. Кредитлар ўсиши меъёрлашади. Меҳнат унумдорлигига мос равишда иш ҳақи ошади. Пул ўтказмалари ўрта муддатли траекторияга қайтади. Инвестициялар барқарор оқими таъминланади.

Асосий сценарий бўйича ЯИМнинг реал ўсиши, 2026 йилда 5,5–6,5 фоиз, 2027-2028 йилларда 6-7 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Марказий банк 2027 йилнинг охирига қадар инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичини таъминлашга эътибор қаратмоқда. 2026 йил охиригача инфляция 7 фоизгача пасайиши, 2027 йилда 5 фоизлик таргетга етиши ва 2028 йилдан бошлаб шу даражада шаклланиши кутилмоқда. Бу прогнозлар, хусусийлаштириш жараёнларининг давом этиши, ички ва ташқи инвестициялар ҳажми барқарор ўсиши, иқлим билан боғлиқ хавфларнинг кучаймаслиги кабиларга асосланган.

Ҳамкор давлатлар валюта курсининг кескин қадрсизланиши, олтин нархларининг сезиларли даражада пасайиши, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон нархларининг сезиларли ошиши, фискал тажчилликнинг кенгайиши, энергия таъминотидаги узилишлар  инфляцияга таъсир қилиши мумкин.

Шунингдек, об-ҳаво ва иқлим шароитларининг ёмонлашиши, молиявий инклюзивлик орқали истеъмол талабининг ошиши ва тартибга солинувчи нархларнинг кутилгандан юқори даражада кўтарилиши ҳам инфляцияга таъсир қилиши мумкин.

Шунингдек, инфляциянинг пасайишига олиб келиши мумкин бўлган шоклар орасида, олтин нархининг кескин ошиши, хусусийлаштириш жараёнларининг тезлашиши, инвестиция ва рақобат муҳитидаги яхшиланиши кўзда тутилган.

Бундай ҳолатда пул-кредит сиёсати ўрта муддатли перспективада инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичини таъминлашга қаратилган тарзда амалга оширилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА