“ЎЗМЕДЭКСПО-2018”: ишланмалар, янги технологиялар ва илғор усуллар

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуида “UzMedExpo – 2018“ ўн биринчи халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмаси очилди.

“International expo group“ компанияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Дори-дармон“ акциядорлик компанияси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев, Словакия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ян Борий ва бошқалар юртимизда барча йўналишларда, хусусан, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, соҳага замонавий тиббий ускуналар ва инновацион технологияларни жалб қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

7.JPG

6.JPG

Президентнинг 2018 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур халқаро кўргазма бу жабҳадаги саъй-ҳаракатларнинг янада самарадорлигига хизмат қилади.

Кўргазмадан мақсад аҳолига тиббиёт хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳага хорижий сармояларни жалб қилиш, замонавий ва инновацион технологияларни кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Мамлакат тиббиёти ривожида муҳим бўлган дори-дармон ва тиббий ускуналар намойиши биз учун ҳар жиҳатдан тажриба вазифасини ўтайди, – деди Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси Отабек Жиянбоев. – Чунки анъанавий ташкил этиб келинаётган кўргазма яхши самара бермоқда. Бундай тиббий ускуналар намойиши уюшма фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда уюшма таркибида 15 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва 12 та етказиб берувчи хорижий корхона мавжуд. Мақсадимиз эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Мазкур корхоналар фақат дори-дармон ва тиббий ускуналарни етказиб берибгина қолмай, маҳаллий вакиллар билан шерикликда маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Уч кун давом этадиган кўргазмада Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея, Покистон, Россия, Словакия, Туркия ва Швейцария каби 50 давлатнинг нуфузли компаниялари замонавий ишланмалари, янги технологиялар, даволаш ва диагностиканинг илғор усулларини намойиш этмоқда.

19.JPG

22.JPG

– Кўргазмада иккинчи бор иштирок этмаяпмиз, – деди Жанубий Кореянинг “Alpinion medical systems“ компанияси вакили Соон Жеонг Жо. – Бу йил ультра товуш аппаратларини олиб келдик. Эътиборлиси эса бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан ҳам танишишга муваффақ бўлдик.

Анъанавий кўргазма соғлиқни сақлаш тизимидаги янги технологиялар намойиши, илғор тажриба ва ахборот алмашиш майдонига айланган.

 

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА