Рақамли давр болалиги

25

Мулоҳаза

Бугун замонавий технологиялар билан ёнма-ён улғаяётган болаларимиз биз болаликда ўйнаган яшинмачоқ, оқ теракми – кўк терак, чиллак, қараб теп, беш тош, кўз бойла, зув-зув каби миллий ўйинларимиз ҳақида деярли тасаввурлари ҳам йўқ, ҳатто эшитмаган ҳам. Баъзан болалик таассуротларимиз ҳақида, ўша пайтдаги кундалик ҳаёт тарзимиз, ўйинларимиз, юмушларимиз ҳақида гапириб қолсам, фарзандларим бирда ҳайрату ҳавас билан эшитади, бирда эса “сизларнинг замонингиз бошқа, бизники бошқада” деб қўйишади.

Дарҳақиқат, уларнинг ҳайратида ҳам, ҳар бир замоннинг зайли ҳақидаги қарашларида ҳам ҳақиқат бор. Негаки, ҳавас ва ҳайратларининг ортида бугун улар кўпгина содда ва жўн, аммо қизиқарли миллий ўйинларимизни билмаслиги ва ўйнамаслиги масаласи ётса, “ҳозирги замон бошқа” деган важларига эса замонавий технологиялар, виртуал олам равнақи, ахборот технологиялари билан биргаликда улғаяётгани сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқат-да, бугун болаларимизнинг ўйинчоқлари ҳам, овунчоқлари ҳам виртуал олам. Улар бу олам билан ҳамнафас улғаймоқда, ўқиб-ўрганмоқда, фикрламоқда. Шунга яраша дунёқараши, фикрлари ҳам глобал, ўзига хос, ақлий салоҳияти юксак. Дўстлари ҳам шу майдонда — онлайн. Улар рақамли даврнинг болалари, виртуал олам таъсирида етилаётган мевалар.

Фарзандларимиз замонавий ахборот технологиялари билан ҳамнафас, замонавий болалар бўлиб ўсиб-улғаяётгани яхши. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борки, бу жараён миллатимиз болаларининг маънавий, руҳий дунёсига, дунёқарашига, миллий менталитетимизга, муносиб тарзда тарбия олишига қандай таъсир қилади? Беғубор болалик туйғусини бироз четлаб ўтган ҳолда вояга етиши, Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги фойдали-фойдасиз контентларга муккасидан кетиши уларнинг феъл-атвори ва характери шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунда Интернет тармоғидан фойдаланувчи аҳоли 94 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг энг чеккасида ҳам аҳоли хонадонларида Wi-Fi тизими ўрнатилган. Бу эса минглаб хонадонларда тарбияланаётган миллионлаб болаларимиз виртуал олам билан ёнма-ён вояга етаётганидан дарак беради.

Ана шундай вазиятда катталар, ота-оналар фарзандларини миллий тарбия омилларидан ҳам баҳраманд қилиб боришга эътибор қаратиши лозим бўлади. Хусусан, болаларни одоб, ахлоқ, жасурлик, мардлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган миллий ўйинларимизга жалб этиш, ўзбек адабиётидаги пурмаъно шеър ва қўшиқларни ёд олдириш, китобга ошно қилиш рақамли замонда болаларнинг миллий ўзлигини унутмаган ҳолда улғайишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА