Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодий мулоқот кенгаймоқда

41

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик охирги йилларда кенгайиб, стратегик ҳамда иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Бу муносабатлар нафақат савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, балки сиёсий, экологик ва ижтимоий соҳаларда ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ҳар икки тараф учун ҳам самарали ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида қаралади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” учинчи иқтисодий форумининг аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:

–Бугун Иқтисодий форум, эртага Транскаспий транспорт инвестиция форуми ва жума куни туризм конференцияси ўтказилади. Бу эса икки томонлама муносабатларимиз қанчалик кенгайганини кўрсатади.

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё иқтисодиётнинг барча соҳаларида фаол ҳамкорлик қилади. Биз Тошкентда ўзбек ҳамкасбларимиз билан биргаликда бу тадбирни ташкил қилганимиздан жуда мамнунмиз.

Ишончим комилки, мазкур тадбир бизнинг ҳамкорлигимизга яна бир кучли туртки беради. Шу билан бирга,  форумда Озарбайжон, Грузия, Туркия каби давлатлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Биз муҳим коридордаги барча асосий иштирокчиларни бирлаштиряпмиз.

Форум Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ҳам кўмак бермоқда. ЖСТга аъзо бўлиш юзасидан музокаралар Европа Иттифоқи томонидан мамлакатга доимий равишда кўмак кўрсатилган йўналишлардан бири ҳисобланади. Биз ўзбек шерикларимизни техник ёрдам билан қўллаб-қувватладик. Музокаралар ЕИ нуқтаи назаридан деярли якунига етган. Эндиликда барча шериклар билан ниҳоясига етишини кутиб қоламиз. Бу Ўзбекистонга тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиш имконини беради.

“Яшил” энергия ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бизнинг ҳамкорлигимизда муҳим йўналиш ҳисобланади. Масалан, Қирғизистондаги “Қамбарота ГЭС” бўйича Марказий Осиё шерикларимиз билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Бу ГЭС нафақат Қирғизистонни, балки қўшни давлатларни ҳам энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, “яшил” энергияни ривожлантириш ва уни Европага етказиш имкониятларини биргаликда ўрганишга катта қизиқиш бор. Яна муҳими, Марказий Осиёда бизнес муҳитини ривожлантириш мақсадимиз. Бу эса Европа компанияларининг минтақада фаол иштирокини таъминлайди.

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигидаги асосий тўсиқлар масофа билан боғлиқ бўлиб, уларни транспорт алоқалари орқали енгиш мумкин. Шу билан бирга, минтақа Европа компаниялари учун инвестиция ва бизнес юритишга муносиб масканга айланиши керак. Форум айнан шу мақсадлар ижросига  қаратилгани билан аҳамиятлидир.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди