Халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги банк хизматлари жорий этилиши мумкин

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, шу жумладан, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги банк хизматларини жорий этиш билан бир қаторда амалга оширилаётган тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш ва қўшимча харажатлар манбаларини аниқлаш зарурати юзага келган.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз борди.
Мажлисда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия орқали банклар исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасидаги тадбирларни молиялаштириш ҳамда бошқа бир қатор тадбирлар учун қўшимча маблағлар ажратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми, Давлат бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар миқдорлари ҳам ўзгартирилмоқда.
Қўмита аъзолари қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда исломий банк хизматларини босқичма-босқич жорий этиш, яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларининг мақсадли ҳамда самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Н.Абдураимова,
ЎзА