Декрет пули бериш бўйича янги тартиб: қандай енгилликлар назарда тутилмоқда? (+видео)
Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш бўйича янги тартиб жорий этилди. Мазкур тизим бевосита хусусий секторда ишлайдиган аёллар учун ҳам енгиллик беради.
Худди шу мавзуда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳамеджонова билансуҳбатлашдик.
— Янги тартибга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси кимларга тўланади?
– Сўнгги икки йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича янги тизим жорий этиб, одамларни камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ натижаларга эришаяпмиз. Жумладан, камбағаллик даражаси ўтган даврда қарийб 2,5 баробар (6 миллиондан 2,6 миллион нафарга), нафақа олувчилар сони 3 карра (2,1 миллион оиладан 700 мингга) қисқарди. Биргина, ўтган йили бошланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури орқали 237 минг оила камбағалликдан чиқарилди.
Лекин, энди оёққа турган аҳолини қайта камбағалликка тушиб қолиш хавфи билан курашиш учун ҳозирча етарли замин ярата олганимиз йўқ. Масалан, ҳар йили хусусий секторда ишлаётган 355 мингга яқин фуқаролар бетоб бўлиб, ишга чиқмаган вақтида даромадсиз қолаяпти.
Бундан ташқари, 150 мингдан зиёд аёлларга декрет таътилида бўлиш вақтида нафақа тўланмаяпти. Шунинг ўзидан ишловчи аёллар орасида камбағалликка тушганлар улуши 12,5 фоизни ташкил этган. Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга асосан 2026 йилдан бошлаб ижтимоий суғуртанинг янги тизими жорий этилмоқда. Янги тизим жорий этилишидан асосий учта мақсад кўзланган.
Биринчиси, хусусий секторда ишловчи ходимларни оғир ҳаётий (касаллик, ҳомиладорлик) вазиятларда даромадсиз қолиши ва камбағал бўлишининг олдини олиш. Шу пайтгача, ушбу тўловлар иш берувчилар зиммасига юклангани сабабли барча ходим ҳам бу нафақаларни ололмаган. Амалда тадбиркорлик субъектлари томонидан 64 фоиз ҳолатда меҳнатга лаёқатсизлик ва 76 фоиз ҳолатда декрет нафақаси тўлаб берилмаган. Мисол учун, 2024 йилда 166 минг (18 фоиз) декрет варақалари очилган бўлиб, шундан бюджет ташкилотларида ишловчи 118 минг аёлга (100 фоиз) декрет нафақаси тўлиқ тўланган, хусусий секторда ишлаган атиги 15,3 мингтасига (32 фоиз) декрет нафақаси қоплаб берилган.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисида”ги 102-сон ва “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 183-сон Конвенцияларига мувофиқ декрет ва больничный нафақалари иш берувчилар зиммасига юкланмаслиги ва ижтимоий суғурта механизмлари орқали тўланиши белгиланган.
Иккинчиси, тадбиркорлар зиммасидан ижтимоий тўловлар юкини камайтириш. Статистик ҳисоботларга кўра 3 мингдан ортиқ корхона томонидан 1 триллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўланган. Янги тизим жорий этилиши натижасида тадбиркорлар ўз маблағларини бизнесини ривожлантиришга сармоя қилиши мумкин.
Ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ходимларнинг расмий бандлик орқали қўшган ҳиссасига қараб ҳисобланади ва тайинланади. Бунда ушбу нафақаларнинг миқдори фуқаронинг суғурта стажига мутаносиб равишда белгиланади. Жамғарма томонидан 2023 йил 1 январдан хусусий сектордаги аёлларга декрет нафақасининг минимал миқдори (минимал истеъмол харажатининг 4 баравари ёки 2,7 млн. сўм) қопланмоқда. Ўртача иш ҳақидан (5,2 млн. сўм) келиб чиқиб декрет нафақаси 20,7 миллион сўмни ташкил этса, унинг 13 фоизи (2,7 млн) Жамғарма ҳисобидан қопланиб, қолган 87 фоизи (18 млн) тадбиркор зиммасида қолмоқда. Бюджетдан қоплаб берилаётган декрет нафақаси миқдори (2,7 млн. сўм) камлиги сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмас.
Эндиликда Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-206-сон фармонига асосан расмий банд бўлган шахсларга декрет ва меҳнатга лаёқатсизлик тўловларини фуқаролар мурожаати талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали босқичма-босқич тўлаш кўзда тутилмоқда. Бунда, Жамғарма томонидан 2026 йил 1 январдан бошлаб аёлларга декрет нафақаси тўланади. Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган 187 та давлатнинг 170 тасида ижтимоий суғурта тизими жорий этилган бўлиб, шундан 140 тасида декрет нафақаси қамраб олинган. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб шахсларга больничный нафақаси тўланади. 2030 йил 1 январдан бошлаб эса ишдаш бўшатиш нафақасини тўлаш бўйича таклифлар киритилади.
Шунингдек, декрет ва меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини ходимларнинг расмий бандлик орқали қўшган ҳиссасига қараб ҳисоблаш ва тайинлаш. Бунда ушбу нафақаларнинг миқдори фуқаронинг иш (суғурта) стажига мутаносиб равишда белгиланади.
Аҳолини суғурталаш Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади. Мажбурий асосда – меҳнат шартномаси бўйича банд ходимлар, ихтиёрий асосда – якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини-ўзи банд қилган, деҳқон хўжалиги ва томорқада ишловчилар, чет элда ёлланиб ишлайдиган фуқаролар.
Бу Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига юклатилган. Ҳозирда тизимнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида нафақаларни рақамли тарзда тайинлаш бўйича Агентликнинг ахборот тизимида “Ижтимоий суғурта” модули ишлаб чиқилмоқда. Шунга эътибор қаратиш лозимки, фуқароларнинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилиши билан автоматик тайинланадиган тизим йўлга қўйилади.
–Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш тартиби қандай?
–Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун аёлнинг расмий иш жойи бўлиши ва иш берувчи билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилган бўлиши шарт. Шунингдек, меҳнатга лаёқатсизлик (декрет) варақаси тиббий муассаса томонидан расмий тарзда берилган бўлиши зарур.
–Хусусий секторда ишлаётган аёллар нафақани қандай тартибда олишади?
–2026 йилдан бошлаб хусусий секторда ишловчи аёлларга нафақа Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан проактив тарзда тўланади. Яъни, аёл алоҳида ариза топширмайди — декрет варақаси электрон тарзда расмийлашиши билан тўлов автоматик равишда тайинланади.
–Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақалар қандай аҳамиятга эга?
– Меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ходим касаллик ёки жароҳат сабаб ишга чиқолмаган кунларида даромадсиз қолмаслиги учун тўланади. Бу нафақа 2026 йил 1 апрелдан бошлаб расмий ишловчиларнинг барчасига жамғарма томонидан қоплаб берилади.
–Янги ижтимоий суғурта тизимида нафақа тўлови қандай механизм орқали амалга оширилади?
–Тизим тўлиқ рақамлаштирилади. Тиббий муассасалардан келган маълумотлар Ижтимоий суғурта ахборот тизимига тушади ва ходимнинг суғурта стажи, иш ҳақи ва иш даври асосида нафақа ҳисобланади. Тўлов бевосита ходимнинг картасига ўтказилади.
–Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қанча кун давом этади ва унинг тўлови қандай ҳисобланади?
–Декрет таътили умумий ҳисобда 126 кун (70 кунгача — туғишдан олдин, 56 кун — туғишдан кейин). Нафақа миқдори ходимнинг сўнгги 12 ойлик расмий иш ҳақи бўйича ўртача кунлик даромадига қараб ҳисобланади. Суғурта стажи ошган сари тўлов миқдори ҳам юқори бўлади.
–Янги тартиб хусусий секторда ишлайдиган аёллар учун қанчалик манфатли?
–Хабарингиз бор, илгари хусусий секторда ишлаётган аёлларнинг 70–75 фоизига декрет нафақаси умуман тўланмас эди. Янги тизимда эса тўлов иш берувчи зиммасидан олиб ташланади. Энди давлат томонидан кафолатланган ҳолда амалга оширилади. Бу аёлларни даромадсиз қолишдан муҳофаза қилади.
–Нафақа олиш жараёнида иш берувчи ва ижтимоий суғурта жамғармасининг роли қандай?
–Иш берувчи ходимнинг расмий бандлиги ва иш ҳақи бўйича маълумотларни тизимга киритади. Жамғарма нафақани ҳисоблайди, тасдиқлайди ва тўловни амалга оширади. Яъни, тўловлар давлат тизими орқали юритилади, иш берувчига молиявий юк қолмайди.
–Қандай ҳолларда нафақа миқдори 100 фоизга яқинлашиши мумкин?
–Агар ходимнинг суғурта стажи узоқ бўлса (масалан, 10 йил ва ундан ортиқ) ҳамда ойлик расмий даромади тўлиқ кўрсатилган бўлса, нафақа миқдори унинг ўртача ойлик иш ҳақининг деярли 100 фоизига яқин миқдорда тайинланиши мумкин.
– Энди уй бекаларига ҳам декрет пули бериладими?
– Ҳа, агар уй бекаси ихтиёрий ижтимоий суғуртага уланса ва ҳар ой белгиланган суғурта бадалини тўлаб борса, у ҳам расмий ишловчилар билан бир хил шароитда декрет пули олиши мумкин. Бу 2026 йилдан жорий этилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА