Эҳтиёжманд оилаларнинг иситиш мавсуми харажатлари қоплаб берилди

Республикамизда куз-қиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 апрелдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025-2026 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам пуллари тўлиқ етказиб берилди.
Ушбу моддий ёрдамни олиб, кириб келган куз-қиш мавсумининг қировли кунларидан кўнгли хотиржамлик топган ва миннатдор бўлган минглаб аҳоли орасида 6 фарзанднинг онаси Гулмира Аймаганбетова ҳам бор.
– Ўтган йили коммунал тўловларни тўлашга қийналдик, – дейди Тахиатош туманидаги «Ойдин йўл» маҳалласи фуқароси Г.Аймаганбетова. – Бу йил берилган 1 миллион сўмлик ёрдам оиламиз учун катта мадад бўлди. Президентимизга ва ушбу эзгу тадбирда хизмат қилаётган барчага миннатдорлик билдираман.
Жараёнда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилалар, шунингдек, рўйхатга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган, оила аъзоларининг жон бошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан ошмайдиган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 85 мингга яқин оила рўйхатга олинган бўлиб, уларга моддий ёрдам тайинлаш учун 84 миллиард 900 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Маълумот учун, ўтган йили 74 мингдан зиёд оиланинг ҳар бирига 270 минг сўмдан 20 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам берилган эди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан банк пластик картаси бор аҳолига жорий йилнинг 30 октябрь куни тўловлар тўлиқ ўтказиб берилган бўлса, пластик картаси бўлмаган оилаларга нақд пуллар «кўчма кассалар» ёрдамида етказиб берилди. Бунда махсус ахборот конвертлари тайёрланиб, уларда ёрдам пули бериш тартиби, энергияни тежаш бўйича тавсиялар ва қарор асосидаги маълумотлар жойлаштирилган. Маҳаллаларга бириктирилган ижтимоий ходимлар ушбу конвертларни уйма-уй юриб аҳолига етказиб берди. Ушбу моддий ёрдам пуллари аҳоли учун қишнинг совуқ кунларида иситиш харажатларини қоплашга мўлжалланган.
– Бу бизнинг оиламиз учун ҳам катта ёрдам бўлди, – дейди шу маҳалланинг яна бир фуқароси I гуруҳ ногирони Холмурод Атакеев. – Олинган пулларни электр энергияси ва табиий газ учун тўловларга сарфлашни режалаштирдик. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдормиз.
Аризаларни қабул қилиш жараёни октябрь ойида якунланган бўлиб, аҳоли мурожаатларини қабул қилиш учун агентлик ҳузурида 11-40 Call марказининг хизмати йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда эса ёрдам белгиланган хонадонларга тўловларни етказиш ишлари тўлиқ якунланган.
– «Ойдин йўл» маҳалласи бўйича жами 253 та эҳтиёжманд оилага ёрдам кўрсатилди, – дейди «Ойдин йўл» маҳалласи ижтимоий ходими Чинаргул Артиқбоева. – Шундан 73 таси «Маҳалла еттилиги» қарори асосида рўйхатга киритилди. Асосий эътибор ҳақиқатан ҳам муҳтож ва оғир аҳволдаги оилаларга қаратилди.

Шунингдек, шундай оилалар учун электр ва табиий газни базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилганда компенсацияни йил давомида тўлаб бериш тизими жорий қилиниб, ўтган йили фақат ноябрь-февраль ойлари учун амал қилган эди. Бу тизим тўлиқ рақамлаштирилиб, бир марта берилган ариза билан 2027 йил 1 апрелга қадар компенсация тўланиши белгиланди. Ўтган давр мобайнида 114 минг 816 та шундай ариза кўриб чиқилиб, 23 минг 131 та хонадоннинг базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилган газ ва электр энергияси учун 1 миллиард 107 миллион сўмдан ортиқ компенсация тўлаб берилди. Ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан бу ёрдамдан 6 мингтага кўпроқ оила бахраманд бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги