Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш: Эксперт кенгашининг имкониятлари қандай, афзалликлари нимада?

55

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, солиқ муносабатларида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал қилишни такомиллаштириш, тадбиркорларнинг вақт ва молиявий харажатларини қисқартириш, ҳамда давлат органлари билан мулоқотдаги шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Савдо-саноат палатаси ҳузурида Солиққа оид низолар бўйича Эксперт кенгаши ташкил этилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бизнес муҳитини таҳлил қилиш ва эксперт кенгашлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Адилхўжа Набиев мазкур Кенгаш фаолияти нималардан иборатлиги ҳақида батафсил маълумот берди:  

– Эксперт кенгаши тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келаётган низоларни судгача ҳал қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, 2024 йил 20 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказган тўртинчи очиқ мулоқотида мазкур институтни жорий этиш ташаббуси илгари сурилган эди. 2025 йилнинг 11 июлидаги Президентнинг тегишли қарори билан Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашининг таркиби белгиланди. 2025 йил 24 октябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 672-сонли қарори билан Кенгаш фаолиятини тартибга солувчи низом тасдиқланди. Унда Кенгашнинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва иш регламенти белгиланган.

Кенгаш юридик шахс мақомига эга бўлмаган, доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлиб, иқтисодиёт, ҳуқуқ, аудит ва бизнес соҳаларидаги 12 нафар малакали мутахассисдан иборат.

Кенгаш таркибига вазирликлар ва қўмиталар раҳбарлари, бизнес ҳамжамияти вакиллари, солиқ маслаҳатчилари ҳамда аудит компаниялари раҳбарлари киритилган. Савдо-саноат палатаси бошқармаси бошлиғи Кенгаш котиби ҳисобланади.

Эксперт кенгашининг иш жараёни 6 босқичда амалга оширилади. Яъни,  тадбиркор ёки солиқ органи Низомда белгиланган шакл асосида мурожаат тақдим этади. Мурожаат 5 иш кунида ўрганилади ва кун тартибига киритилади ёки асос билан рад этилади. Кун тартиби лойиҳаси 7 иш кунида шакллантирилиб, Кенгаш раисига тақдим этилади. Мажлислар ойига камида икки марта ўтказилиб, соҳавий экспертлар жалб қилинади. Хулоса 3 иш кунида мурожаатчи ва манфаатдор томонларга юборилади. Ваколатли орган эса хулосани 3 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқади.

Судлар ва бошқа институтлар мавжуд бўла туриб, янги тузилма – Эксперт кенгашига қандай эҳтиёж бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Бундан асосий мақсад шуки, солиққа оид низоларни ҳал қилиш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни камайтириш. Маъмурий судларда низолар одатда 1-2 ой давомида кўриб чиқилади ва давлат божи тўланади. Солиқ қўмитаси тузилмаларида эса низолар 15 кундан 1 ойгача кўриб чиқилади.

Эксперт кенгашига мурожаат қилишнинг афзалликларига тўхталиб ўтадиган бўлсам, молиявий харажатлар мавжуд эмас.

Бутун жараён 15 кунгача қисқартирилган, хулоса ваколатли органларда 3 кун ичида мажбурий кўриб чиқилади. Шунингдек, муҳокамаларга иқтисод, молия, ҳуқуқ ва бизнес соҳасидаги малакали экспертлар жалб этилади ва улар овоз бериш ҳуқуқига эга.

Кенгаш солиқ органларининг тадбиркорга нисбатан қабул қилган қарорлари бўйича келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Амалиётда низолар кўпинча солиқ аудити ва сайёр текширувлар натижасида ҳисобланган қўшимча солиқлар ва жарималар билан боғлиқ ҳолатларда юзага келмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, қуйи босқич органлари қарорларидан шикоятни юқори турувчи солиқ органи кўриб чиқади. Эксперт кенгаши эса Солиқ қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур тузилма солиқ муносабатларида юзага келаётган ўзига хос масалаларни соҳавий мутахассислар иштирокида муҳокама қилиш орқали тадбиркорлар манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА