Булбулзибон танловининг янги ғолиблари аниқланди

«Довутбой Қайипов» номидаги жамоат фонди ва Чимбой тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Чимбой туманидаги Маданият саройида Қорақалпоғистон халқ артисти, халқимизнинг севимли қўшиқчиси Довутбой Қайипов ижодига бағишланган XI Булбулзибон номли республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танловда Д.Қайипов ижодига қизиқувчи ҳаваскор қўшиқчилар иштирок этиб, икки кун давомида ўзларини саҳнада синаб кўрди. Хонандаларнинг ижро маҳорати, саҳна маданияти тажрибали ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланиб борилди.
Қизиқарли ўтган танлов якунида, биринчи ўринни Қонликўл туманидан Б.Бозорбоев қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни чимбойлик И.Бегдуллаев ва Қ.Хўжаниёзовлар эгаллашга муваффақ бўлди.
– Ушбу танловда бир неча йиллардан буён иштирок этиб келяпман, – дейди танлов ғолиби Б.Базарбаев. – Танловда республикамизнинг барча ҳудудларидан иқтидорли ёш хонандалар иштирок этди. Мана шулар орасида биринчи ўринни эгаллаганимдан жуда хурсандман. Бу мен учун катта мотивация бўлди.
Танлов якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси