Ўзбекистон-Франция: сув хўжалиги соҳасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда

49

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар сув хўжалиги соҳасидаги қатор истиқболли лойиҳалар ва стратегик шериклик алоқалари устуворлигига эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарлари имзолаган декларация асосида изчил ривожланяпти. Жумладан, сув хўжалиги соҳасида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистондаги “Суенли” канали ирригация тизимини қайта қуриш қўшма лойиҳаси улардан биридир. Умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи мазкур ташаббус Франция тараққиёт агентлиги ва Европа инвестиция банки томонидан молиялаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мулоқот якунида томонлар сув хўжалигини модернизация қилиш, лойиҳаларни амалга ошириш  ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш каби қатор масалалар юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА