Нукусда алкогол махсулотлари ва этил спирти йўқ қилинди

51

Сўнгги вақтларда алкогол махсулотларини истеъмол қилиб, саломатлигига зарар етказган ёки шундай махсулотлар сабаб вафот этган шахслар ҳақидаги хабарлар кўп тарқалмоқда.

Шунга қарамасдан, инсоннинг кучли захарланишига ҳаттоки ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган қўл бола ишланган, ҳеч бир стандарт талабларига жавоб бермайдиган спиртли ичимликларни истеъмолчиларга етказиб бериш ва уларни алдаб сотиш ҳолатлари минг афсуски учраб турибди.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, Жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорларига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан олиб қўйилган
5 минг 888 литр алкогол махсулотлари ва 2 минг 193 литр этил спиртини йўқ қилиш белгиланган.

Ушбу суд қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида йўқ қилиниши белгиланган махсулотлар тегишли идоралар ходимлари иштирокида жорий йилнинг 12 ноябрь куни йўқ қилиниб, суд қарорлари ижроси амалда таъминланди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги