Сенатор: Халқимиз манфаати, инсон саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз

89

Соғлом миллат – ҳар қандай мамлакатнинг асосий бойлиги, унинг иқтисодий салоҳияти, маънавий қуввати ва келажак тараққиёти гарови.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Қайд этиш лозимки, ўтган саккиз йил давомида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари натижасида “Инсон саломатлиги – олий қадрият” деган тамойил асосида соғлиқни сақлаш тизимида тарихий ўзгаришлар амалга оширилди.

Янги тизим, янги ёндашув ва янги дастурлар амалиётга татбиқ этилди. Бу соҳа нафақат инфратузилма жиҳатидан, балки мазмун жиҳатдан ҳам янги босқичга кўтарилди. Тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ечимига қаратилган қатъий чоралар кўрилди.

Фикримизга рақамлар билан изоҳ берсак, сўнгги беш йил ичида ихтисослаштирилган марказлар 7,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига  замонавий ҳолатга келтирилди ҳамда минглаб тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Соҳага жорий қилинган DMED ягона электрон платформаси 36 миллион фуқаронинг тиббий маълумотларини ягона базага жамлаш, шифокорларга бемор ҳақидаги маълумотни тезкор олиш имкониятини яратиб, даволаш самарадорлигини оширди.

Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувида мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилиниб, келгусидаги режалар белгиланди. Кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олийгоҳларида умумий тиббиёт факультетини очиш ва бу факультетда педиатрия ва даволаш йўналишларини қамраб олиш, резидентура ва магистратура тизими орқали оилавий шифокорлар тайёрлаб бориш таклиф қилинди.

Энг муҳими, резидентура талабалари бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб маош оладиган тизим жорий этилиши таъкидланди. Бу эса, ёш шифокорларнинг малакасини ошириш билан бирга, уларни соҳада фаолиятини давом эттириш учун катта рағбат бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, 2027 йилгача Олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича қабул квоталарини икки баробарга ошириш, олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама бериш вазифаси белгиланди.

Давлатимиз раҳбари хусусий секторга кенг имкониятлар яратиш мақсадида келгуси йилдан тиббий ускуналар ва тез ёрдам машиналарини олиб киришдаги имтиёзларни уч йилга узайтириш, шунингдек, 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратиб, замонавий клиникалар барпо этиш учун тадбиркорларга ёрдам бериш ташаббусини ҳам илгари сурди.

Билдирилган бу ташаббуслар, энг аввало, халқимиз манфаатини таъминлашга, инсон учун энг муҳим бойлик бўлган саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бошқача айтганда, бу тизимнинг марказида инсон қадри, унинг ҳаёти ва саломатлиги турибди.

Шу боис, биз бундай хайрли ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг амалда таъминланиши борасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, зарурат бўлса, янги қонунлар қабул қилиш бўйича иш олиб борамиз.

Н.Абдураимова,

ЎзА