Филиал делегациясининг илмий ташрифи янги ҳамкорлик эшикларини очди

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони маркази Урумчи шаҳрида ўтказилган халқаро илмий семинар ва «Хитой – Марказий Осиё» 12-форумида фаол иштирок этди.
Тадбирлар Шинжон қишлоқ хўжалиги университети томонидан ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё ва Хитой ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.
Семинарда делегация раҳбари, филиал директори А.Есимбетов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳамда таълим, илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.
Семинар давомида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ҳайвонлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар йўналишидаги илмий мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар учун лаборатория кўргазмалари, амалий машғулотлар ва тажриба алмашиш сессиялари ташкил этилди. Профессор А.Есимбетов «Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришнинг муваффақиятли моделлари ва ёндашувлари» мавзусида илмий маъруза қилди. Тадқиқотларга асосланган маъруза нафақат ҳудудий аграр ислоҳотлар натижаларини очиб берди, балки истиқболдаги инновацион лойиҳалар ва қўшма илмий ташаббусларни илгари суриш имконини яратди.
Делегация Шинжон қишлоқ хўжалиги университетининг замонавий ветеринария клиникаси ва илмий-тадқиқот лабораториялари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Делегация «Хитой – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасида халқаро экспертлар, олий таълим муассасалари делегациялари ва илмий доиралар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувларда қўшма илмий ташаббусларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги инновациялари, ветеринария йўналишида илмий алмашинув, лаборатория амалиётлари сифатини ошириш ва академик мобиллик дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Шинжон қишлоқ хўжалиги университети президенти билан ҳам учрашув ўтказилиб, икки олий ўқув юрти ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

– Урумчидаги ташриф ва учрашувлар СамВМЧБУ Нукус филиали ва Шинжон қишлоқ хўжалиги университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ амалга оширилди. Мазкур меморандум икки олий ўқув юрти ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар, алмашинувлар ва амалиёт дастурларини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Ушбу ташриф филиалнинг халқаро майдондаги нуфузини оширди, талабалар ва олимлар учун янги илмий ва амалий имкониятлар яратди, шунингдек, келгуси йилларда қўшма изланишлар, илмий лойиҳа ва лаборатория амалиётларининг самарадорлигини оширишга замин яратди, – дейди профессор А.Есимбетов.
Меморандум асосидаги ҳамкорлик филиалнинг илмий интеграциясини янги босқичга олиб чиқди, минтақавий ва халқаро ҳамкорликда муҳим истиқболларни очди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги