Рақамли тиббиёт – бемор ва шифокор ўртасидаги кўприк

Инсон саломатлиги – жамият бойлиги, мамлакат тараққиётининг асоси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига замонавий тиббиёт усулларини жорий этиш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар, тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳага рақамлаштиришни жорий этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Албатта, инсон саломатлигини муҳофаза қилишда тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида.
Куни кеча юртимизда кенг нишонланган тиббиёт ходимлари куни арафасида биз Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов билан соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашган эдик.
– Мурат Исмаилович, ушбу суҳбатимиз орқали Сизни ва Сиз орқали республикамизнинг барча тиббиёт ходимларини касб байрамингиз билан табриклаймиз.
– Раҳмат.
– Дунёда шиддат билан ривожланаётган тиббиётнинг юртимиздаги устувор йўналишлари қандай? Соҳада сўнгги вақтларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида республикамизда қандай самарали ишлар олиб борилмоқда?
– Дарҳақиқат, бугун дунёда тиббиёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан бошқа соҳалар қатори тиббиёт соҳаси ҳам замон билан баробар қадам ташлаб, анча даражада ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, илмий-назарий ва амалий янгиланишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Соҳа ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолини замонавий патронаж хизмати билан қамраб олиш, ҳар қандай касалликдан соғайиб кетишини таъминлаш мақсадида фидокорона меҳнат қилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги «Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда. Хусусан, Нукус шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилгани, бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди. У ерда беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, малакали тиббиёт ходимлари халқимиз саломатлигини сақлашда самарали фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, туманларда ҳам туғруқ комплекси ва перинатал марказларда туғиш ёшидаги аёллар, оналар ва болалар учун барча қулай шароитлар яратилди. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаси таркибида барча қулайликларга эга марказий шифохоналар, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам бўлими, кўп тармоқли марказий поликлиника, шунингдек, ҳудудларда қишлоқ оилавий поликлиникалари, чекка қишлоқларда эса маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилган бўлиб, аҳоли саломатлиги ҳудудий шифокорларимиз томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий этилиб, 2024 йилда 294 та эндопротезлаш жарроҳлик амалиёти, 137 та Эндоурологик жарроҳлик амалиёти, Нукус шаҳри ва туманларда 1687 та ва республика тиббиёт муассасаларида 1873 та лапароскопик жарроҳлик амалиёти, 292 та коронарография ва 234 та юракда артерия коронар шунтлаш, 3 та юрак очиқ операцияси, 4 та буйрак трансплантати ўтказилиб, йилига 4500 беморнинг Тошкентга ва чет элларга бормасдан яшаш жойида юқори тиббий ёрдам олиш имконияти яратилди.
2025 йилнинг шу кунигача эса 289 та эндопротезлаш ва 28 та Артроскопик жарроҳлик амалиёти, 233 та эндоурологик, 1706 та лапароскопик жарроҳлик амалиёти, 486 та коронарография ва 300 та юракда артерия коронар шунтлаш, 9 та юрак очиқ жарроҳлик амалиёти, 2 та буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистонда 2017-2025 йилларда «Бир қадам» тамойили асосида 76 та оилавий шифокор пункти, 89 та оилавий поликлиника, 87 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий қилинди. Йилига 4500 нафар беморнинг Тошкент ва хорижга бормасдан юқори тиббий ёрдам олиш имконияти яратилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, беморларга туманларнинг ўзида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.
Янгича ёндашувлар асосида 944 та тиббиёт бригадаси ташкил этилиб, оилавий шифокорнинг 40 фоиз иш юкламаси ўрта тиббиёт ходимлари томонидан бажарилиши белгиланди, муайян касалликлар бўйича даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши ҳамда универсал-прогрессив патронаж модели жорий этилди. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида 1355 та кундузги стационар ўринлари ташкил этилиб, иш вақти соат 20:00 гача узайтирилди ва уларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари учун қўшимча устама ҳақ тўлаш белгиланди. Натижада беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кундузги шифохонасида уйидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, бугунги кунда йилига 8515 нафар беморга Нукус шаҳрига етиб боргунига қадар ўз вақтида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан, биргина Қорақалпоғистон Республикасида 6 ёшли болалар орасида вирусли гепатит «А» касаллигининг олдини олиш мақсадида бепул режали эмлаш ташкил этилди. Шунингдек, бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари энди шу ерда ўтказилмоқда. Жумладан, сунъий қон айланиш аппарати орқали беморларнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда. Шунингдек, мултиспирал компьютер томографияси, ультратовуш, лаборатория ускуналари касалликларга эрта ташхис қўйиш имконини бермоқда.
– Соҳада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати қай даражада ошмоқда?
– 2017-2025 йилларда Республикамиздаги 17 та кўп тармоқли марказий поликлиникадан биттаси, 81 та оилавий поликлиникадан 26 таси, 74 та оилавий шифокор пунктидан 9 таси, 38 та республика ва туман даражасидаги шифохоналардан 31 таси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури йўналиши бўйича қайта таъмирлаб топширилди. Бундан ташқари, 8 та оилавий шифокор пункти ва 19 та оилавий поликлиника таъмирланиб, фаолият бошлади. Тез тиббий ёрдам тизимидаги автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режасига асосан тез тиббий ёрдам хизматини 95 та янги тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт қуроллари билан таъминланди. 175 ўринли Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали биносини янгидан қуриш лойиҳаси «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури»га киритилиб, қурилиш ишлари бошланди.
– Рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар қай даражада?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ва илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатли ва ҳар томонлама қулай бўлиши учун, соҳадаги ахборот тизимлари такомиллаштирилиб, тиббиётда янги электрон платформалар ишга туширилмоқда. Замонавий рақамли технологиялар Қорақалпоғистон Республикасидаги муассасаларга ҳам кириб келди. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги жами 224 та муассасага, 18 та Республика маркази филиалларида, 17 та туман марказий шифохоналари, 16 та кўп тармоқли марказий поликлиникалари, 89 та оилавий поликлиника, 76 та оилавий шифокор пунктларида «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари шакллантирилиб, беморларни оилавий шифокорларга бириктириш, онлайн қабулга ёзилиш, патронаж, профилактик текширувлар, скрининг дастурлари ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, беморларни қўшимча текшириш, маслаҳат ва даволашга йўналтириш ҳамда қайта боғланиш имкониятларини ўз ичига олган «Ягона тиббиёт тизими» яратилди ва жорий этилди.
Ўтган 2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Президиумининг қарори билан маҳаллий бюджет маблағларидан 11 млрд сўм ажратилиб, 17 туманлик тиббиёт бирлашмасига қарашли бирламчи тиббиёт муассасаларига 1 742 та компьютер жамланмалари ва 132 та принтер ускуналари харид қилиниб, тиббиёт муассасаларига етказилди. Бундан ташқари, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб деб топилган тиббиёт муассасалари томонидан жами 63 та компьютер, 68 та принтер техникалари харид қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2158 та моноблок билан барча тиббиёт муассасалари таъминланди ҳамда қўшимча бирламчи тиббиёт муассасалари учун 1 859 та планшет, 526 та смарт телевизор, 122 та инфокиоск, 63 та чек принтерлар, 777 та этикет принтер, 1225 та 2D сканер, 321 та веб камера, 222 та коммутатор, 223 та фейрвол ва локал тармоқ учун зарур техникалар етказиб берилди. Ўтган 2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Президиумининг қарори билан маҳаллий бюджет маблағларидан 11 млрд сўм ажратилиб, 17 туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бирламчи тиббиёт муассасаларига 1 742 компьютер тўпламлари ва 132 принтер ускуналари сотиб олиниб, тиббиёт муассасаларига етказилди. Бундан ташқари ускуналари сотиб олиниб, тиббиёт муассасаларига етказилди. Бундан ташқари, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғолиб деб топилган тиббиёт муассасалари томонидан жами 63 та компьютер, 68 та принтер техникалари харид қилинди.
Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида марказлашган лаборатория LIS ташкил этилиб, шаҳардаги барча лабораториялар марказлашган лаборатория билан интеграция қилиниб DMED ахборот тизими асосида иш бошлади.
– Хусусий клиникаларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати қандай бўлмоқда? Шунингдек, халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берсангизў
– Хусусий тиббиёт клиникалари кўпайиб бораётгани, уларда даволанаётган беморлар ҳам ортаётгани бу дегани, аҳоли кўнглидан чиқаётганини билдиради. Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда хусусий клиникаларнинг улуши кенгайиб боряпти, деб тўлиқ айта оламиз. Айни пайтда республикамизда 366 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан, 325 та амбулатор ва 41 та стационар шароитда 57 турдаги мутахассислик бўйича аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. 2025 йил бугунги кунга қадар 22 та янги хусусий клиника ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда республикамизда 13 та хусусий тиббиёт муассасасининг жарроҳлик хизмати ишга туширилди ва 3 та хусусий клиника аҳолига суғурта бўйича хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий клиникалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, халқаро меморандумлар имзоланди. Хусусан, халқаро лойиҳалардан бири Хитой Халқ Республикасининг «CSADI» компанияси кўмагида Нукус шаҳрида болалар тиббиёт кластери қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 1,2 гектар ер майдони ажратилган ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Нукус шаҳрида Оналар ва болалар учун Бирлашган Араб Амирликларининг «Шайх Халифа Бин Зиёд Ал Нахаян» фонди кўмаги билан шифохона қурилиш ишлари «Orient Construction Services Group» МЧЖ томонидан якунланмоқда.
Шунингдек, яна бир муҳим лойиҳа бўйича Жанубий Кореянинг «Acryl AI» компанияси таклифига биноан Сеул шаҳрида бўлиб, Корея Республикасининг тиббиётдаги замонавий технологияларини жорий этиш режалаштирилган. «Acryl AI» компанияси билан рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилиниб, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Жорий йилда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий давлатлар билан халқаро алоқаларни ўрнатиш йўлга қўйилиб, шундай ҳамкорликлардан бири жорий йилнинг 20 февраль куни Ҳиндистон Республикасининг «Sharda Hospital» клиникаси билан халқаро меморандум имзоланди ва жорий йилнинг 18-19 август кунлари ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳасида инсонпарварлик акцияси ўтказилди.
Шу билан бирга, жорий йилда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий давлатлар билан халқаро алоқалар ўрнатиш йўлга қўйилиб, шундай ҳамкорликлардан бири жорий йилнинг 6-16 сентябрь кунлари Хитой давлатининг «Future Smile» фонди ёрдами билан Қорақалпоғистон Республикасидан 30 болага технологик операцияларни бепул амалга оширишга эришилди. АҚШнинг «TIFO» ташкилоти кўмагида ҳудудда «Орол фожиасининг маҳаллий аҳоли саломатлигига салбий таъсирини ўрганиш» лойиҳаси доирасида сув намуналарини олиш ва ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 29 апрель – 5 май кунлари давомида Кувайт давлатининг «HOPE» ташкилоти кўмагида соғлиқни сақлаш доирасида гуманитар акция амалга оширилди. Ушбу акция доирасида минтақавий кўмакка муҳтож оилалардаги беморларга 253 та жарроҳлик амалиёти, 36 та даволаш ва 420 та тиббий кўрик бепул амалга оширилишига эришилди.
Шу билан бирга, яна бир муҳим лойиҳа бўйича Япониянинг «Digital knowledge» компанияси томонидан ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган рақамлаштирилган платформасини бирламчи тиббиёт бўғини ходимлари амалиётига жорий этиш қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
– Яқинда бўлиб ўтган «Саломатлик марафони» бўйича қандай натижаларга эришилди?
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 29 сентябрдаги «Саломатлик марафони» оммавий тадбирини амалга ошириш тўғрисида»ги 299-сонли буйруғига мувофиқ жорий йилнинг 2-31 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида «Саломатлик марафони» оммавий тадбири жуда уюшқоқлик билан ўтказилди.
«Саломатлик марафони» доирасида ташкил этилган тиббий кўриклар натижасида, соғлиқни сақлаш ходимларига 206065 нафар аҳоли мурожаат қилиб, тиббий кўрик натижасида касаллик аниқланган 36591 киши тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтказишга йўналтирилган ва улар томонидан 75799 та кўрик ўтказилди. Жумладан, сурункали касаллиги бор 17360 нафар бемор тор соҳа мутахассислари тиббий кўригидан ўтказилиб, уларга маслаҳатлар берилди ва 16377 нафар беморга амбулатор даволаш тавсия этилди. 983 нафар бемор эса, стационар шароитда даволаниш учун юборилди, уларнинг 252 нафарига жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Шундан 79 нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Ўтказилган оператив муолажаларнинг 163 таси юқори технологик муолажалардир. Болалар ўртасида юқори технологик даволашлар – эндоурологик, кардиожарроҳлик, юз-жағ жарроҳлиги, нейрожарроҳлик, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи жарроҳлиги ҳамда пластик операциялар амалга оширилди.
Шунингдек, марафон давомида 110374 нафар беморга кўрсатма бўйича 7 турдаги скрининг текширувлари ўтказилди. Жумладан, 2-10 ёшдаги 18278 нафар бола гельминтозга, 3-18 ёшдаги 26585 нафар бола онкогемотологик касалликларга, 40 ва ундан катта ёшдаги 21174 нафар одам қандли диабет ва 31446 нафар одам юрак-қон томир касалликларига, хавф гуруҳига мансуб аҳоли орасида 4636 нафар одам сил касаллигига, 6071 нафар аёл кўкрак бези саратони ва 2033 нафар аёл бачадон бўйни саратони скринингидан ўтказилди. Скрининг текширувлари натижасида 213 нафар болада гельминтоз, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 181 нафарида қандли диабет ва юрак қон-томир касалликлари, 111 нафар аёл-қизда хавфли ўсма касаллиги (108 та ижобий натижа аниқланган беморлардан 3 тасида бачадон бўйни ва 5 тасида кўкрак бези саратони) умрида биринчи марта аниқланди.
Ўтказилган «Саломатлик марафони» давомида мурожаат қилган беморлар орасида жами 34084 та инструментал-диагностик текширувлар (9987 та ЭКГ, 4636 та рентген, 15454 та УТТ, 42 та МСКТ, 2822 та маммография, 1143 та ангиография текширувлари) ўтказилди. Ҳозирги вақтда шу давр ичида тиббий кўрикдан ўтиб, касалликлар аниқланган беморларга етакчи шифокорлар томонидан мураккаб операциялар қилиш давом этмоқда.




Мустақил мамлакатимизда инсон омилига эътибор масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида қаралиб, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, тизимни замон талаблари, жаҳон тиббиёти стандартлари даражасида ривожлантириш бош мақсад ҳисобланади. Бу йўлда тиббиёт ходимлари ўзларига юклатилган шарафли вазифани масъулият билан бажариб, халқимиз саломатлигини сақлашда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб бораверади.
Суҳбатлашган Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги