Меҳнатдан келса бойлик…

94

Деҳқончиликда берунийликларнинг ўзлари яратган тажриба мактаби бор. Айниқса, ернинг сирини яхши эгаллаган деҳқонлар меҳнатининг самараси куз фасли келиши билан билинади. Беруний тумани Навоий овул фуқаролар йиғини мисолида деҳқонларнинг эришган ютуқлари ва кузги ҳосил йиғими билан танишдик. Навоий овулида аҳоли сони 7753 нафарни ташкил этади. Ҳудуднинг асосий драйвер соҳалари деҳқончилик, чорвачилик, савдо хизмат кўрсатиш бўлиб, бу йўналишда бир қанча янги тажрибалар йўлга қўйилмоқда.

Маҳалла ҳоким ёрдамчисининг маълумотига кўра, ҳудудда ғалланинг ўрнига экилган сабзавот-полиз маҳсулотларининг ҳосили жорий йилда анча юқори ҳисобланади. “Иззат Жуманиязов” фермер хўжалиги томонидан 3 гектар ерга экилган сабзи, турп, шолғом ва карам каби сабзавот маҳсулотларининг ҳосили йиғиб-териб олиниши бошланган. Айниқса, бу ҳудудда сабзи жуда яхши етиштирилади. 3 гектар ердан 90-100 тонна сабзи олинади. Фермер ҳўжалиги билан ижара шартнома асосида 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ерларда ҳам ҳосил йиғиш ишлари бошланган. Аҳолининг асосий даромад манбаи деҳқончилик ҳисобланади. Йиғиб-териб олинган ҳосил музлатгичларда сақланади.

Ўз уйида наслли чорва боқиб, уни кўпайтириш билан шуғулланаётган Сапаргул Жамалова хонадонида семинтал ва голдштейн зотли қорамоллар сақланади. Кунига 30-40 литр сут соғилиб, дўконларга топширилади. Чорванинг қиш фасли учун озуқаси ғамланиб, шарт-шароитлари яратилади. Наслли чорвани кўпайтириб, уни сотиб даромадини эзгу ишларга сарфлаётган хонадон эгаларининг келажакдаги режалари катта. Замонавий фермер хўжалиги ташкил қилиб, юртимизнинг чорвачилик йўналишига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган. Ҳудудларда аҳолининг бугунги кундаги ислоҳотлар билан ҳамоҳанг яшаётгани, бу йўлда бирлашиб ҳаракат қилаётгани барчамизни қувонтиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги