Илк турдаги илк ғалаба

55

Қатар давлатида бошланган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг «J» гуруҳида ҳам дастлабки тур ўйинлари ўтказилди.

Унда Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 1-турда парагвайлик футболчиларга қарши ўтказди. Учрашувнинг дастлабки тайми мамлакатимиз футболчиларининг тўлиқ устунлигида ўтди ва ўйиннинг 25-дақиқасида Азизбек Абдумўминов Абубакир Шукуруллаев томонидан узатилган тўпни Парагвай дарвозасига аниқ йўллаб ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

Ушбу голдан руҳланган жамоамиз аъзолари ўйинда бундан кейин ҳам ҳужумлар уюштириб, шундай хавфли ҳужумлардан бирини ҳужумчимиз Азизбек Абдумўминов муваффақиятли якунлашга эришди ва учрашувнинг 1-тайми шу ҳисобда якунланди.

Ўйиннинг иккинчи қисмида Парагвай терма жамоаси таркибига янги кучлар киритилиб, улар томонидан тез-тез хавфли ҳужумлар уюштирилди. Шундай ҳужумлардан бирида ҳимоячимиз парагвайлик футболчини қўли билан тўхтатиб қолди ва ўйин ҳаками VAR ни қайта кўриб чиқиши натижасида, дарвозамизга пенальти белгилади. Белгиланган пенальтини эса Алан Ледесма 89-дақиқада аниқ амалга ошириб, ўртадаги ҳисобни қисқартиришга эришди.

Бундан кейин ҳам ўйин жуда қизиқарли давом этди. Бироқ дарвозаларга бундан бошқа гол урилмади ва Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг дастлабки 3 очкосини қўлга киритди.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қорақалпоғистонлик Азиз Еримбетов, Нурбек Сарсенбаев ва Баҳодир Избасқановлар бор ва кечаги ўйинда Азиз Еримбетов асосий таркибда ўйинга тушиб жамоамизнинг ғалабасига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Энди жамоамиз футболчилари 2-турни 8 ноябрь куни гуруҳ етакчиси Ирландия терма жамоасига қарши ўтказади.

Маълумот учун, биринчи турда Ирландия Панамани 4:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги